Холанд ва Мбаппе навбатдаги рекордларни ўрнатди

Спорт 6534
image

Кеча, 6 сентябрь куни футбол бўйича Европа Чемпионлар лигасининг  гуруҳ босқич 1-тур учрашувларига старт берилди. 

Марказий учрашув Парижда (Франция) ПСЖ ва “Ювентус” ўртасида кечди. Баҳсда парижликлар Килиан Мбаппенинг икки голи эвазига ғалаба қозонди – 2:1.

Ўйинда дубль қайд этган Мбаппе мусобақадаги голлари сонини 35 тага етказиб олди. У мазкур натижага эришган ёши энг кичик футболчига айланди – 23 ёш, 260 кунлик. Бундан олдинги рекорд эса Лионель Мессига тегишли эди. Аргентиналик футболчи ЕЧЛда 35 та гол киритганида 23 ёш 307 кунлик бўлган.

Куннинг яна бир қизиқарли кечган учрашувида “Манчестер Сити” “Севилья”ни 4:0 ҳисобида тор-мор этди. “Шаҳарликлар” ҳужумчиси Эрлинг Холанд ўйинда дубль қайд этди. Эрлинг “Сити” сафида ЕЧЛдаги дебютидаёқ иккита гол уришга эришган илк футболчига айланди.

Шунингдек, 22 ёшли норвегиялик футболчи Чемпионлар лигасида 20 та ўйинда майдонга тушиб, 25 та гол урди. Холанд бундай натижага энг тез эришган футболчига ҳам айланиб олди. Аввалги рекорд эса Филиппо Инзаги ҳамда Рууд Ван Нистелройга тегишли эди. Иккиси ҳам 30 та ўйинда 25 та гол киритган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 370
Рейтинг: 2.9
t
×