ХМК Ўзбекистонга инвесторларни жалб қилишга ёрдам беради
Жамият
−
04 Сентябрь 2023
4046Халқаро молия корпорацияси (ХМК) Япония ҳукумати билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳукуматига норматив-ҳуқуқий базани янгилашда ёрдам беради.
Бундан мақсад тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпроқ жалб қилиш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришдир. Бу ҳақда ХМК матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон ҳукумати ва ХМК билан амалдаги инвестиция қонунчилигини илғор жаҳон тажрибасига мослаштириш орқали хорижий инвестициялар оқимини ошириш мақсадида мамлакатнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича битим тузилган. Шу муносабат билан ХМК Япония ҳукумати билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳукуматига бозорга кириш қоидаларини аниқ белгилаб берувчи, хорижий инвесторлар ва уларнинг инвестицияларига тенг муносабатда бўлишни таъминлайдиган, сармоядорларга халқаро низоларни ҳал этиш имкониятини берадиган янги қонунчиликни ишлаб чиқишда ёрдамлашади.
Шунингдек, Ўзбекистонда хусусий секторнинг махсус иқтисодий зоналарини ташкил этиш ва ХМК фаолиятида иштирок этишига имкон берувчи нормаларни жорий этишга кўмаклашади.
Бундан ташқари, техник-иқтисодий асослаш ва экологик хавфсизликни таҳлил қилиш асосида эркин иқтисодий зоналар учун жой танлашни таъминлаш ҳам назарда тутилган.
“Бу ислоҳотлар мамлакат салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳукуматнинг иқтисодий ўзгаришлар ва барқарор иқтисодий ўсиш бўйича мақсадларини қўллаб-қувватлаш учун инвестиция капитали, илғор ечимлар ва технологияларни таклиф этишга тайёр бўлган халқаро инвесторларни жалб этишнинг асосий йўлидир”, деган йиғилишда иштирок этган ХМК нинг Яқин Шарқ Марказий Осиё, Туркия, Покистон ва Афғонистонда бозорни ривожлантириш бўйича маслаҳат бўлими менежери вазифасини бажарувчи Вим Доу.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси