Хитойнинг юқори мартабали амалдори Афғонистонда “Толибон” билан музокара қилди

Олам

image

Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И Қобулда Афғонистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттаки билан учрашди. Бу ҳақда Афғонистон ТИВ вакили Абдул Каҳҳар Балхий Twitter’да маълум қилди.

Учрашувда томонлар тоғ-кон саноатидаги лойиҳалар, Афғонистоннинг “Бир макон, бир йўл” иқтисодий коридоридаги роли ва “бошқа муҳим масалалар”ни муҳокама қилган.

Хитой Ташқи ишлар вазири Қобулга ташрифини ҳар томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги қадам деб атаб, Афғонистон ва Хитой тарихий алоқаларга эга эканини, Пекин ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тарафдори эканини қўшимча қилган.

Ван И Афғонистонга нисбатан жорий қилинган санкцияларга қарши чиқиб, Хитой сиёсати Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик ва бу йўлда ўз манфаатларини кўзламасликдан иборатлигини айтган.

Ўз навбатида Афғонистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Муттаки Ван Ининг ташрифини “афғонлар ва бутун дунёга ижобий хабар” деб атаган. Муттакининг таъкидлашича, ҳукумат Афғонистон халқининг манфаатларини ҳимоя қилишдан ташқари, унинг иқтисодий ўсиши ва барқарорлиги учун хорижий сармояни қўллаб-қувватламоқда.

Маълумот ўрнида, АҚШ ўз қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг, “Толибон” Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 2021 йил 15 августда “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса республикани тарк этди. 6 сентябрь куни “Толибон” бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон Ван И

Баҳолаганлар

170

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг