Хитойнинг ривожланиши янги урушга олиб келиши мумкинлиги айтилди

Олам 7599
image

Хитойнинг тобора кучайиб бориши туфайли дунёда янги “Совуқ уруш” юзага келиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 24 декабрь куни Араб давлатлари лигаси  Бош котиби Аҳмад Абу ал-Ғайт Миср пойтахти Қоҳирадаги Араб тадқиқотлари институтининг симпозиумида сўз очди.

“Хитой қудратининг тез суръатларда ўсиши туфайли дунёда янги “Совуқ уруш” юзага келиши мумкин. Бу эса, АҚШ ва собиқ СССР ўртасидаги урушдан кескин фарқ қилиш эҳтимоли юқори. Балки, Пекин АҚШ бошчилигидаги Ғарбга қарши туриш учун Россияни ўзига оғдириб олиб, қоалиция тузишнинг уддасидан чиқар”, дейди Аҳмад Абу ал-Ғайт.

Мисрлик дипломатнинг сўзларига кўра, Россия – муҳим цивилизацион блок ва халқаро майдонда асосий ролни ўйнаш истагида бўлган йирик ҳарбий куч.

Бош котибнинг таъкидлашича, кибер уруш ҳамда сунъий ақлга асосланган қуроллар жамият хавфсизлиги учун янги ва мисли кўрилмаган муаммолардан дарак беради, шунингдек, бундай қуроллар ҳали ҳам ҳеч қандай меъёрий-ҳуқуқий асосга эга эмас.

“Араб давлатлари халқаро пирамиданинг тепасида иккита рақиб кучлар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, маневрлар учун кўпроқ жой топишлари мумкин, аммо бу рақобат шартлари давлатларнинг сиёсий аренадаги ҳаракатларига чекловлар ҳам қўяди, чунки ҳар бир супер куч ўз иттифоқчиларини ўзи томон жалб қилишга интилмоқда”, дейди Араб Лигаси Бош котиби.

Лига Бош котиби араб давлатларини юзага келиши мумкин бўлган халқаро вазиятларга тайёр туришга чақирди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 348
Рейтинг: 2.9
t
×