АҚШ-Хитой “совуқ уруши” ёхуд Байденга қолган оғир келажак
Таҳлил
−
21 Декабрь 2020
17953Ваниҳоят, АҚШ президентлигига расман демократ Жо Байденнинг сайлангани маълум бўлди. Бу воқелик Америка ҳалқининг катта қисми учун аввалдан кутилган хушхабар бўлса, баъзи давлатлар учун муносабатларни яхшилашга қулай имконият. Хитой – юқоридаги фикримизга яққол мисол. Вазиятга тўғри баҳо бериб, Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили АҚШ билан келишмовчиликларни бартараф этиш тарафдори эканини билдирдиришга ҳам улгурди. Чин юртидан ижобий сигнал келган бўлса-да, АҚШ билан муносабатларни яхшилаш осон кечмайди.
Ҳозирги Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатлар сўнгги 40 йилликдаги энг инқирозли ҳолатда: савдо уруши, янгидан янги санкциялар, Хитой фуқаролари учун иш жойларини чеклаш ва депортация... АҚШ ташқи сиёсатида Хитой Россия, ҳатто, собиқ СССР ўрнини эгаллаб улгурди. Хитой коммунистик режимдаги давлат эканини ҳисобга олсак, у АҚШ учун ҳам стратегик, ҳам мафкуравий рақиб.
Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасидаги муносабатлар “Совуқ уруш” бўсағасига келиб қолишида амалдаги Президент Дональд Трампнинг “хизматлари” катта. Тиниб-тинчимаган Трамп президентлигининг сўнгги ҳафталарида ҳам бу муносабатларни янада чигаллаштириш ниятида чоғи, Хитой компанияларига қўйилаётган санкцияларнинг кети узилмаяпти. Аммо, унинг ўрнини эгаллайдиган Жо Байденнинг “Самовий империяга” нисбатан муносабати мутлақо бошқача.
Кутилган натижа ёлғон бўлиб чиқди
Бир вақтлар айнан Байден “қизил аждаҳо”нинг Жаҳон Савдо Ташкилотига кириб олишига ёрдам берган ва кейин бундан кўпчилик пушаймон бўлган эди.
“Қўшма Штатлар гуллаб-яшнаётган ва дунё ҳаётига қўшилган Хитойнинг жаҳон саҳнасига чиққанини мамнуният билан қабул қилади, чунки биз унинг қоидалар асосида ўйнашига ишонмоқдамиз”, деган сўзлар билан АҚШ Ташқи алоқалар қўмитаси раҳбари Жозеф Байден 2001 йилда ХХРнинг ўша пайтдаги раҳбари Цзян Цзэминга мурожаат қилган эди.
Байден Хитойнинг Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) киришини таъминлаш учун шахсан ҳаракат қилди ва айнан у Вашингтон номидан Пекинни лидер давлатлар йиғилган столга таклиф этди.
Йигирма йил ўтгач, Хитойнинг ўзи ҳам бу столга қуюқ ўрнашиб олди. Хитой халқаро ҳамжамият билан интеграцияга киришди-ю, лекин ўз билганича ҳаракат қилди ва америкаликлар кутганидек, Ғарб қадриятлари, демократлашиш ҳақида ўйламади. Уни фақат технологиялар қизиқтирарди.
АҚШ Хитойдан ҳамкорликни кутган эди, бироқ унинг ўрнига ЖСТ стандартларига риоя қилмаслик, адолатсиз савдо амалиётлари ва технологияларни ўғирлаш ҳолатларини олди. Трампнинг сўзларига кўра, Хитойнинг ЖСТдаги иштироки “Қўшма Штатлар учун фалокат” бўлиб чиққан.
Хитой америкаликлар белгилаган траектория бўйлаб ҳаракатланмаётгани, АҚШнинг 44-президенти Барак Обама давридаёқ аён бўлган эди. 2013 йилда Барак Обама АҚШ сиёсатининг Осиёга йўналтирилганини эълон қилди.
“Вашингтон Яқин Шарқда терроризмга қарши йиллар давомида кураш олиб борганида, Хитой назоратсиз қолди ва тезлик билан ўсди”, деган эди Обама.
Биргина, 1999-2011 йиллар оралиғида Хитой билан ишлаб чиқаришдаги рақобат Қўшма Штатларда 2 миллиондан ортиқ иш ўринларининг қисқаришига олиб келди. Шу билан бирга, бу орада Америка молия тизимининг номукаммаллигидан келиб чиққан глобал иқтисодий инқироз ўз таъсир доирасини кучайтириб олишда Пекинга қўл келди.
Ўша йилларда Байден вице-президент сифатида Хитойнинг янги раҳбари Си Цзиньпин билан саккиз марта учрашган ва ҳатто, у билан Сичуань вилоятидаги мактабда баскетбол ўйнаган. Ўшанда ХХР раиси вице-президент Байденда Америка қудратига шубҳа билан қарайдиган ва Хитой Коммунистик партиясининг устунлигига ишонадиган, қаттиққўл раҳбар сифатида таассурот қолдирган. Сафардан сўнг, Байден Оқ уйдаги учрашувлардан бирида Президент маслаҳатчиларига Хитой раҳбари ҳақида “бу йигит билан жуда кўп муаммолар бўлади”, деб айтган.
Обаманинг ўзи ҳам Хитой билан юмшоқ муносабатда бўлганини тан олди, аммо унинг қўллари 2008 йилги молиявий инқироз оқибатлари билан боғланганини таъкидлади.
“Мен 2009 ёки 2010 йилларда савдо урушини бошлай олмадим”, деб афсус билан айтганди Оқ уйнинг собиқ раҳбари.
Дональд ҳамласи
Барак Обама армони Дональд Трамп даврида амалга ошди, иқтисодий уруш томон қадам ташланди. Дастлаб, воқеаларнинг бундай тус олишини ҳеч ким кутмаганди. Чунки Трамп даврида икки гигант ўртасидаги муносабатлар “соғлом старт” олган: АҚШ Президенти Пекиндаги тақиқланган шаҳарга ташриф буюрган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлди. Трампнинг ўзи ҳам Си Цзиньпинни “буюк лидер” деб атаганди.
Трамп Хитойга қарши иқтисодий курашни 2018 йилда бож тарифлари қўллашдан бошлади. Бунда АҚШга кириб келаётган Хитой товарларининг нархини ошириш қўзланган ва мақсад америкаликларни Хитой товарларини қамроқ сотиб олишга ундаш эди. Трампнинг кескин чоралар кўришига АҚШнинг Хитой билан савдо балансидаги номутаносиблик ҳам сабаб бўлди.
Маълум бўлишича, “осиёлик ҳамкор” Америка ҳудудида АҚШ Хитойда сотганига қараганда 300-400 миллиард долларга кўпроқ товар пуллаган. Бу ҳолат америкаликлар учун ўта ноқулай эди. Чунки Хитойнинг арзон импорт маҳсулотлари АҚШ маҳаллий саноат тармоқларини ўлдирар ҳамда кўплаб АҚШ корпорациялари ишчи кучининг арзонлиги сабабли ўз фабрикаларини ХХРга кўчиришига олиб келар эди.
Шу зайлда, импорт тақиқланиб, аста-секинлик билан янги божлар жорий этилиши бошланди. Бунга жавобан, Пекин ҳам шундай чораларни кўрди. Натижада савдо уруши фақат жадаллашди. 2020 йилда коронавирус келиши билан зиддият янада кенг тус олди.
Жорий йилнинг январь ойида Трамп Хитой ҳукуматининг COVID-19 эпидемиясини жиловлай олиш қобилиятини олқишлаб, Си Цзиньпинга ушбу масалаларда ишонишини айтган бўлса-да, инфекция АҚШга етиб келганидан сўнг, Трамнинг гапириш оҳанги кескин ўзгарди. Касаллик тарқалишида Пекинни тўғридан-тўғри айблаган Трамп, вирус Хитойники эканини таъкидлади.
Август ойига келиб, АҚШда коронавирус билан касалланганлар сони рекорд даражада ўсиб кетиши туфайли, Трамп, ҳатто, Хитой билан савдо битимини тузишдан бош тортди. “Хитой вируси” ҳақидаги баёнотлардан сўнг, АҚШдаги хитойлик талабалар ва олимлар ХХР ҳарбий кафедралари билан ҳамкорлик қилишда айбланди: кўплари мамлакатдан чиқариб юборилди ёки визалари бекор қилинди.
Оқибатда Хитой технологик компанияларига қарши санкциялар қўлланилди. Журналистларни ҳам мамлакатдан чиқариб юбориш “акция”си бошланди. Албатта, Пекин ҳам ОАВ ходимларига бундай муносабатни жавобсиз қолдирмади.
АҚШда Пекиннинг Шинжон-Уйғур автоном райони, Гонконг ва Жанубий Хитой денгизидаги сиёсати қораланди ва ҳатто, Хитойнинг Хьюстондаги консуллиги ёпилди. Бу, албатта, Хитой томонидан ҳам чоралар қўлланилишига олиб келди: америкалик журналистларнинг ХХРда ишлаши тақиқланди, АҚШнинг Чэндудаги ваколатхонаси ёпилди ҳамда Америка расмийлари ва компанияларига қарши санкциялар жорий қилинди.
“Пекин бизнинг халқимиз ва фаровонлигимизга таҳдид солмоқда. Агар эркин дунё Хитой Коммунистик партиясини ўзгартирмаса, у бизни ўзгартиради”, деган эди содир бўлаётган воқеалар фонида АҚШ давлат котиби Майкл Помпео.
Ушбу нутқ дарҳол “янги Фултон нутқи” деб номланди. Боиси Буюк Британиянинг собиқ Бош вазири Уинстон Черчиллнинг 1946 йил март ойида АҚШнинг Фултон шаҳрида сўзлаган нутқи СССР томонидан “Совуқ уруш” бошланишининг белгиси деб баҳоланган эди.
Қичик Жорж Буш ва Барак Обама раҳбарлигида Миллий хавфсизлик кенгашининг Хитой, Тайван ва Мўғулистон бўйича собиқ маслаҳатчиси Пол Хэнли таъкидлаганидек, Трампнинг тўрт йиллик фаолияти натижасида ХХР ва АҚШ ўртасида иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳасида стратегик қарама-қаршилик кучайди. Аммо, бунда фақат Вашингтон айбдор эмас.
“Сўнги пайтларда ХХРнинг ўзида ҳам жиддий ўзгаришлар юз берди. Режим авторитар ва репрессив ҳолга келди. Иқтисодий соҳада Пекин ЖСТга киришда берган ваъдаларини мунтазам равишда бузди”, дейди Пол Хэнли.
Шунингдек, АҚШ томонидан Хитойга нисбатан тажовузкор кайфият кучайганини таъкидлади.
“Буларнинг барчаси Трампнинг ҳокимият тепасига келиши билан бир вақтга тўғри келди ва ажойиб “штурм” ҳосил қилди”, дейди собиқ маслаҳатчи.
Хайрлашув гулхани
Трамп президентлик муддати тугаб бораётгани сайин Америка раҳбари сифатида бир қатор масалаларда кескин чоралар қўрмоқда.
Хитой яна нишонда. АҚШ Хитой компанияларини Эрон ядро дастурига алоқадорликда айблаб, чекловлар қўйишни бошлади. Трамп даврида ХХРга қарши якуний чора-тадбирлар тўплами қабул қилинганидан сўнг, ҳокимиятга Байден келгач, катта эҳтимол билан янги маъмурият 180 даражага ўзгариб, вазиятни юмшатиши деярли имконсиз бўлиб қолади.
“Байден учун қўп нарса Трампнинг сўнгги ойларда офисда нима билан шуғулланишига боғлиқ бўлади”, дейди собиқ маслаҳатчи Хенли.
Унинг сўзларига кўра, Трампнинг янги санкциялари Байден жамоасига Хитой билан музокараларда қўшимча далда бўлиб хизмат қилиши ҳам мумкин.
“Янада кўпроқ тарифлар, тақиқлар, фармонлар... Агар Байденнинг жамоаси буни тўғри тушунса, улар Хитойнинг ён бериши эвазига ушбу чораларни енгиллаштириши мумкин. Аммо Трамп ҳаддидан ошиб кетса, кейин нима бўлишини ким билади дейсиз...”, дейди Пол Хэнли.
Генри Киссинжер қандай фикрда?
Хитойнинг дунёга “очилишида” бевосита иштирокчи бўлган собиқ АҚШ Давлат котиби Генри Киссинжер, ўз навбатида, янги Президент стратегик рақиб билан алоқани имкон қадар тезроқ тиклаши керак, деб ҳисоблайди.
“Хитой билан алоқалар яхшиланмаса, дунё Биринчи жаҳон уруши билан тенг фалокатга дучор бўлади, чегарадан чиқадиган ва ҳақиқий ҳарбий тўқнашувга айланадиган қандайдир инқироз юзага келади”, дейди собиқ АҚШ Давлат котиби.
Унинг сўзларига кўра, технологик ривожланган даврда инқирозли ҳолатни бошқариш анча қийин бўлади.
“Қўшма Штатлар ҳам, Хитой ҳам ҳеч қачон деярли ўзларига тенг давлатлар билан тўқнашмаган. Биз низолардан қочишимиз керак”, дейди Киссинжер.
Шу билан бирга, собиқ давлат котиби ҳозирги шароитда демократик мамлакатлар бир-бирлари билан ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидлади. Бироқ, у ҳамкорликнинг битта мамлакатга қарши ишлаши оқилона қарор эмаслигини қўшимча қилди.
Хитойлик экспертар нима дейди?
Хитойлик мутахассислар ҳам Хитой-АҚШ муносабатлари тикланиб, Обама даврига қайтишига умид қилмаяпти.
“Трампнинг дипломатик меросини ҳисобга олсак, Байден жамоаси аъзолари “Трампизм”ни мувозанатлаштириши ва Обама даврига қайтиши эҳтимолдан йироқ. АҚШ Конгрессида хитойликларга қарши риторика ҳанузгача баланд овозда янграмоқда”, дейди Хитой Халқаро муносабатлар академиясининг Америка тадқиқотлари институти профессори Сунь Ченҳао.
Хитой Халқаро муносабатлар университети профессори Ли Хайдунга кўра, Байден атрофидаги одамлар – “элита”. Ва улар белгилайдиган ташқи сиёсий йўналишни олдиндан айтиш мумкин.
“Байденнинг сиёсати яккаланишга эмас, балки кўп томонлама ҳамкорликка қаратилган. Бу сиёсат АҚШ етакчилигини тиклашга ва иттифоқчилар билан муносабатларни мустаҳкамлашга ёрдам беради”, дейди профессор.
“Аввалги яхши кунлар ўтди... Қўшма Штатлардаги Совуқ уруш қирғийлари сўнгги йилларда ҳаракатга тушиб қолган ва улар яқин келажакда йўқ бўлиб кетмайди”, дея огоҳлантиради Жаҳон ва замонавий тадқиқотлар илғор институтининг Шенчжен таҳлил маркази раҳбари Чжен Юннян.
Байденнинг Хитойга муносабати
20 йил олдин Байден Пекиннинг дунё ҳамжамиятига кириб келишига оптимистик муносабат билдирган бўлса-да, ўша пайтда ҳам “Самовий империяга” “маҳлиё” бўлиб қолмаган. 1989 йилда Тяньаньмэнь майдонида намойишга чиққан талабаларга қарши тазйиқлар, бошқа кўплаб чет элликлар сингари Байденни ҳам ҳайратга солганди. Кейинчалик, у Хитойда демократик қадриятларни тарғиб қилувчи, давлат томонидан молиялаштириладиган оммавий ахборот воситаларини яратиш тўғрисида қонун лойиҳасини таклиф қилди. Лойиҳа 1996 йилда амалга оширилди. Ўша пайтда яратилган “Radio Asia Free” ҳанузгача мавжуд.
Байден бугунги кунга келиб, Хитой жамиятининг ўзгариш эҳтимоли ҳақида гапирмай қўйган, Си Цзиньпинни эса авторитар раҳбар ва безори, деб ҳисоблайди. Кўплаб интервьюларида Байден ХХР АҚШ учун асосий стратегик муаммо эканини очиқ айтмоқда. Инаугурациядан кейин демократ, керак бўлса, санкцияларни зудлик билан қўллашга ҳам ваъда берди.
“Қўшма Штатлар Хитойни ўз назоратида ушлаб туриши керак”, дейди Жо Байден.
Ички муаммолар кун тартибида
Ҳозир Байден учун биринчи ўринда Қўшма Штатларнинг ижтимоий-иқтисодий тикланиш масаласи турибди. Сўнгги ойларда АҚШга турли партиялар тарафдорларининг норозиликлари, ирқий мотивларга эга тартибсизликлар ва коронавирус эпидемияси катта зарар етказди.
Экспертларнинг фикрига кўра, Байден Оқ уйга келгач, биринчи навбатда, ички муаммолар билан шуғулланади. Унинг “аввалгидан ҳам яхшироқ қилиш” иқтисодий режаси доирасида Американинг ишлаб чиқариш ва тадқиқот марказларига сармоялар киритилиши кутилмоқда. Уларнинг самараси Хитой билан муваффақиятли рақобатда кўзга ташланиши керак.
Навбат Хитой маласига етганда-чи?
Байден жамоасининг Пекин учун аниқ стратегияси тузилмаган бўлса-да, унинг баъзи элементлари аллақачон аниқ бўлиб улгурган. Хусусан, янги стратегияда Трамп маъмуриятининг АҚШ ташқи сиёсатидаги провокацион чиқишларидан воз кечилади. Бу АҚШнинг Европа ва Осиё давлатлари билан иттифоқчилик муносабатлари тикланишига таъсир қилиши керак, дунёнинг турли қисмларида демократик қадриятларни тарғиб қилиш эса, Байден сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлади. Трамп эса, президентлик даврида бундан анча узоқлашди.
Байденнинг Пекин билан иқлим ўзгариши, соғлиқни сақлаш ва ядровий қуролни чеклаш доирасида ҳамкорлик қилиш эҳтимоли мавжуд бўлса-да, у Трамп даврида қўйилган санкцияларни шунчаки бекор қилиб юбормайди. Чунки, чекловлар нафақат фармонлар, балки қонунлар шаклини ҳам олган. Вашингтоннинг чекловлардан воз кечиши учун биринчи бўлиб, Хитой ён бериши керак.
Байденнинг Хитойга ён босишига эса, жамоатчилик фикри йўл қўймайди. “Pew Research Center” тадқиқот маркази ўтказган сўровномага кўра, америкаликларнинг 73 фоизи Хитой ҳақида салбий фикрда, бу сўнгги 15 йил ичидаги энг ёмон кўрсаткичдир. Шу билан бирга, АҚШ фуқароларининг ярмидан кўпи ХХРни “стратегик рақобатчи” деб билади. Бундан ташқари, 78 фоиз америкаликлар Пекинни бутун дунё бўйлаб COVID-19 тарқалишида айбдор, деб ҳисоблайди. Қўшма Штатларнинг ўзида деярли 17 миллионга яқин одам коронавирус юқтириб, 308 мингдан ортиқ киши вафот этган.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, бир нарсани аниқ айтиш мумкинки, Байден АҚШни қабул қилиб олгач, ўзи бир неча ўн йиллар илгари қўллаб юборган Хитой билан муносабатлари ҳар томонлама энг юқори даражага етади ва дунё улар ўртасидаги интригани катта қизиқиш билан кузатади.
LiveБарчаси