Хитойнинг Марказий Осиё билан савдо айланмаси 95 млрд долларга етди

Олам

image

Хитойнинг Марказий Осиё билан савдо айланмаси 95 млрд долларга етди. Бу ҳақда бугун, 17 июнь куни Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин Остонада бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” Ишбилармонлик кенгашининг иккинчи йиғилишида маълум қилди.

“Марказий Осиё минтақасининг Хитой билан савдо ҳажми жадал суръатларда ўсмоқда. 2024 йилда бу кўрсаткич 95 миллиард долларга етди, шундан деярли ярми Қозоғистонга тўғри келади. Жумладан, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми тарихий кўрсаткичга – 44 миллиард долларга етди (Хитой Божхона бошқармаси маълумотларига кўра 43,8 млрд доллар, +6,8%). Яққол мақсадимиз яқин келажакда ўзаро савдо ҳажмини икки бараварга ошириш”, деди Жумангарин.

Унинг таъкидлашича, муҳим йўналишлардан бири бу – электрон савдо бўлиб, у товар ва хизматлар алмашинувини тезлаштиришга янги имкониятлар очмоқда.

“Хитой Раисининг “Ипак йўли электрон тижоратининг тажриба зонасини яратиш” ташаббусини амалга оширишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигимизни тасдиқлаймиз. Бизда Alibaba ва JD.com электрон савдо майдончаларида миллий павилёнлар ташкил этиш бўйича аллақачон ижобий тажриба мавжуд”, дея қўшимча қилган вазир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан “Марказий Осиё –Хитой” иккинчи саммитида иштирок этиш учун Остона шаҳрига жўнаб кетганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий Осиё – Хитой савдо айланмаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг