Дунё “Совуқ уруш 2” бўсағасида
Таҳлил
−
19 Июнь 8582 14 дақиқа
Исроил ва Эрон урушининг кескинлашуви ва бу можарога АҚШнинг қўшилиш эҳтимоли дунё тинчлигига рахна солмоқда. Аммо аслида ер юзидаги осойишталик бунгача катта хавф остида қолиб бўлганди. Гап шундаки, дунё аллақачон янги ядровий қуролланиш пойгасига кириб бўлган. Жорий йил 16 июнь куни Стокголм тинчлик муаммоларини ўрганиш институти ядро қуролига эга давлатлар ўз атом арсеналларини кенгайтираётгани ва қуролларни назорат қилиш бўйича битимлар аста-секин ўз кучини йўқотаётгани ҳақида ҳисобот берди.
Қайд этилишича, бу ҳолат “совуқ уруш” тугаганидан кейин, яъни 1980 йиллардан буён давом этиб келган ядровий қуролсизланиш даврининг ниҳоясига етганини англатади. Хусусан, 2025 йил январь ҳолатига кўра, дунёда жами 12 241 та ядровий жанговар каллак мавжуд бўлиб, уларнинг тахминан 9 614 таси ҳарбий омборларда жойлашган ва қўлланилиши мумкин бўлган ҳолатда сақланмоқда.
Шунингдек, тахминан 2 100 та каллак юқори жанговар тайёргарлик ҳолатида баллистик ракеталарга жойлаштирилган бўлиб, уларнинг деярли барчаси АҚШ ёки Россияга тегишли. Институт таҳлилчиларининг таъкидлашича, халқаро кескинлик ортиб бораётган бир вақтда дунёдаги тўққизта ядровий давлат – АҚШ, Россия, Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Шимолий Корея ва Исроил ўз захираларини янада ошириш ниятида. Хулоса шуки, бундан буёғига эҳтимолий урушлар хавфи борган сари ортиб боради. Бугун Исроил ва Эрон ўртасидаги урушнинг асосий сабабларидан бири ҳам айнан ядрога эга бўлиш билан боғлиқдир.
6 кундан буён давом этаётган Исроил ва Эрон урушида ва жорий ҳафта ўртасига қадар жаҳонда рўй берган бошқа муҳим воқеа-ҳодисалар тафсилоти билан QALAMPIR.UZ'нинг Midweek дастури ва биз бошладик.
6 кунлик уруш
Исроил ўтмишда араб давлатлари билан бир неча бор тўқнаш келган ва уларнинг деярли барчасида ғалабани қўлга киритган. Ҳатто яҳудий давлати 1967 йилда 4 та араб давлати коалициясини 6 кун ичида тинчитган. Бугун эса улар Эрон билан урушдаги 6-кунни тугатиб, 7-кунга ўтиш арафасида. Ҳар кунги тўқнашув фақат Исроил “ташаббуси” билан бошланмоқда. Яқин Шарқ тарихидаги энг қудратли империяга асос солган форслар араблар каби эмаслиги сўнгги кунларда яққол намоён бўлмоқда. Нетаньяху Эронга 13 июнь куни илк ҳаво ҳужумларини уюштирган маҳал бу давлат ўз вақтида дунёнинг топ даражадаги армиясига эгалик қилган Саддам Ҳусайн бошчилигидаги Ироқ ҳужумига нақд 9 йил бардош бергани, салкам 40 йилдан буён Ғарбнинг ўта оғир санкциялари остида яшаб келаётганини унутган деган гумон бор. Чунки айни дамда Исроилнинг асосий шаҳарларидаги кўплаб нуқталар Эрон зарбаларидан сўнг “Ғазо тусига бурканмоқда”.
Исроилдаги режим эса асримиз бошида Ироқдаги ҳокимиятни ағдариш учун дунёдан тинимсиз ёрдам сўрагани каби жорий ҳафта давомида Оқ уйни яна шу каби ишга чорлаб келди. Бу эса тез фурсатда АҚШ Президенти риторикасини кескин ўзгартириб, Эронга зарба йўллаш ишоралари янграй бошлади. У музокараларни рад қила бошлагани ҳақида хабарлар чиқа бошлади. Аммо АҚШ Президенти бу хабарларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Бундан олдин эса у Эрондан сўзсиз таслим бўлишни талаб қилганди. Оятуллоҳ эса бунга жавобан унинг мамлакати ҳеч қачон таслим бўлмаслигини маълум қилди. АҚШ Президенти аввалроқ Эрон Олий раҳбари қаерда яширинганини билишини айтганди. Орадан кўп ўтмай, Исроил каналлари у яширинган бункерга зарба берилгани ҳақида хабар бера бошлади. Бундан олдинроқ эса Хоманаий 13 июнь куни эрталабки Исроил зарбаларидан бир неча соат ўтиб, Теҳроннинг шимоли-шарқидаги Лавизан туманида жойлашган бункердан бошпана топгани ҳақида хабарлар чиққанди. Айни дамдаги муҳим масала урушга АҚШнинг бевосита қўшилиши ёки парда ортида ҳаракатланишда давом этишидир. Баъзи манбаларга кўра, кейинги 48 соат можаронинг ҳал қилувчи палласи бўлиши мумкинлиги таъкидланди. Мазкур соатлар эса ҳозирда тугаб бормоқда. Трамп Эроннинг ҳаво ҳудуди тўлиқ назоратга олингани ҳақида баёнот берганди. Кўп ўтмай Эрон ҳам Исроил ҳаво ҳудудини назорат қилаётганини маълум қилди. Жанг майдонидаги баҳс шу тарзда ахборот маконига ҳам ўта бошлади. Икки томоннинг ҳам даъволарида жон бордек. Чунки Исроил қирувчи самолётлари ортда қолган кунлар давомида Эронга жуда чуқур кириб борди. Эрон ракеталари эса яҳудий давлатининг машҳур ҳаво мудофаа тизимларини доғда қолдириб келяпти. ОАВ Эроннинг ёпирилма зарбалари ортидан Исроил ҳаво мудофаасининг ракета захиралари тугаб бораётгани ҳақида хабар бермоқда. Йўқотишлар ва саросима кун сайин ортяпти. Исроил томонида Эрон ҳужумининг оқибатларини тармоқларга жойлаётганлар таъқиб остидалиги айтилмоқда. Эронда эса бу орада интернет тўлиқ ўчирилди.
Дунё лидерлари урушни ҳал қилиш учун бир-бири билан тинимсиз алоқада. Эрдўған, Трамп ва Путин сўнгги кунларда бир-бири билан мазкур масалани жуда кўп муҳокама қилди. Владимир Путин Трампдан урушга қўшилмаслик ва кескинликни оширмасликни сўради. Россия Президенти АҚШ етакчисига ўзининг воситачилик таклифини ҳам тақдим этди. Аммо Трамп Нетаньяхуга давом этишга рухсат берди ва Путиннинг воситачилик таклифини рад қилди. Бундан ташқари, ҳафта якунигача АҚШнинг қўшимча кучлари минтақага етиб келади. Аммо шу ўринда Эроннинг ҳам бу урушда ёлғиз эмаслигини таъкидлаш жоиз. Дунёнинг 20 та мусулмон давлати Исроилнинг Эронга ҳужумини қоралаш тўғрисидаги қўшма баёнотни қабул қилди. Миср, Иордания, БАА, Покистон, Баҳрайн, Бруней, Туркия, Чад, Гамбия, Жазоир, Комор ороллари, Жибути, Саудия Арабистони, Судан, Сомали, Ироқ, Уммон, Қатар, Қувайт, Ливия ва Мавритания Ташқи ишлар вазирлари ушбу баёнотда Исроилнинг 13 июнь тонгидан бошлаб Эронга қилган тажовузини қоралаб, уни БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқнинг очиқ-ойдин бузилиши, деб таърифлади. Бу орада эса “Telegraph” нашри Хитой Эронга камида учта Boeing 747 транспорт самолёти орқали юк жўнатгани ҳақида хабар берди. Тахминларга кўра, самолётлар Эронга Исроил билан урушда зарур бўлган қурол-яроғ ва ҳарбий техника ташиган бўлиши мумкин. Бу тахмин учта рейсдан биринчиси Исроилнинг ушбу мамлакатга қарши ҳарбий операцияси бошланган куннинг эртасига Эронга йўл олгани, кейинроқ эса Яқин Шарққа яна иккита самолёт етиб келгани даъвоси билан изоҳланади. Қайд этилишича, самолёт Хитойнинг шимолий қисми устидан ҳаракатланиб, Қозоғистон чегарасини кесиб ўтган, Ўзбекистон ва Туркманистон устидан учиб ўтган, сўнгра Эронга яқинлашганда радарлардан ғойиб бўлган. Аслида эса самолётлар Люксембургга етиб келиши керак бўлган, бироқ уларнинг ҳеч бири Европа ҳаво ҳудудига кирмаган.
Очиғини айтганда эса “Telegraph”нинг мазкур даъвоси ҳақиқатга яқиндек кўринади. Чунки Эронга қилинаётган мазкур ҳужумлар ортида нефть нархини сунъий ошириш ва бу орқали иқтисодиёти нефтга жуда қаттиқ боғланган Хитойни заифлаштириш мақсади кўзлангани ҳақида сўнгги пайтларда жуда кўп гапирилмоқда. Хитой эса бу шароитда Эронни қўллашдан манфаатдор бўлиши табиий. Бундан ташқари, сал аввалроқ Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ҳам Исроилни террорчи давлат деб атагани ва Эронни қўллаш рамзи сифатида ўз армиясини шай ҳолатга келтиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Шунингдек, Покистон ҳам аллақачон расмий тарзда Эрон томонидан эканини эълон қилган.
Урушга тайёрланаётган Россия қўшнилари
Яқин Шарқда кескинлик авжига чиққан маҳал Россиянинг энди нафақат Украинага, балки бутун Шарқий Европага ҳужум қилиш эҳтимоли ошгани айтилмоқда. Чунки у айни пайтда Украинага босқинни янада кучайтирган. Жумладан, 17 июнга ўтар кечаси Киевнинг турли ҳудудларидаги ўнлаб бинолар ва бошқа объектларга, жумладан, тураржой бинолари, таълим муассасалари ва муҳим инфратузилма объектларига ҳужум қилинди. Ракеталардан бири Соломенский туманидаги тўққиз қаватли тураржой биносига урилган. Вайроналар остидан 21 кишининг жасади чиқарилди, қидирув ишлари давом этмоқда. Россиянинг Киевга берган зарбалари қурбонларининг умумий сони 30 кишига яқинлашган. Шунингдек, 134 нафар инсон яраланган. Ҳатто 18 июнь Киевда мотам куни деб эълон қилинди. Мазкур қонли ҳужум оқибатлари катта ва даҳшатли бўлганини Зеленскийнинг G7 саммитини эрта тарк этганидан билса ҳам бўлади. Россия дунё эътибори Яқин Шарққа қаратилганидан фойдаланмоқда. Агарда шу ҳужум Эрон ва Исроил урушидан олдин уюштирилганда Трамп ва Путин ўртасидаги муносабатлар кескинлашиши мумкин эди. Аммо ҳозир мутлақо бошқа шароит.
Бироқ шундай бўлишига қарамай, сўнгги воқеалар фонида Россия Федерацияси билан чегарадош Европа мамлакатлари соғлиқни сақлаш тизимини уруш ҳолатига тайёрламоқда. Дунё эътибори Яқин Шарқда бўлиши Шарқий Европа мамлакатларига Россия тажовузи эҳтимолини оширди. Литва, Польша ва Эстония кутилаётган ҳарбий тўқнашув эҳтимолига қарши турли чораларни кўрмоқда. Жумладан, Литва НАТОнинг шарқий қанотига ҳужум бўлиши каби энг ёмон сценарийга ҳозирланяпти. Россиянинг Украинага тўлиқ ҳажмдаги босқини ортидан ҳарбий можаро таҳдиди кескин кучайгани таъкидланмоқда. Мамлакатда ҳарбийлар, полиция, ёнғин ўчириш хизматлари, шифохоналар ва тиббиёт ходимлари фавқулодда ҳолатларда қандай ҳаракат қилишга ўргатилмоқда. Вильнюсдаги университет клиникаси – Santaros Clinics энергия ёки сув таъминоти тўхтатилган тақдирда ҳам фаолият кўрсатиши мумкин бўлган ерости инфратузилмаси, бошпаналар, вертолёт қўниш майдончалари ва автоном тизимларни ишлаб чиқмоқда.
Эстонияда эса тез ёрдам бригадалари учун зирҳли жилетлар, анъанавий алоқа тармоқлари ишдан чиққан ҳолатларда эса сунъий йўлдош телефонлари тарқатилиши режалаштирилган. Ҳатто зарурат туғилса, мустақил интернет тармоғини яратиш режалари ҳам бор. Украина тажрибасидан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимига электр генераторлари ўрнатилмоқда. Маълум қилинишича, айниқса, Шарқий Европадаги кўплаб шифохоналар совет давридан қолган ва улар заиф ҳисобланади. Эстония, шунингдек, фавқулодда ҳолатларда дарҳол фойдаланиш мумкин бўлган мобил тиббий блокларни – вақтинча даволаш муассасаларини сотиб олаётгани айтилмоқда. Бундан ташқари, Эстония умумий тизим тайёргарлигини кучайтирмоқда: шифохоналар, тез ёрдам бригадалари ва тиббиёт ходимлари “инқироз режими”га ўтишга – беморларнинг кескин кўпайиши шароитида ишлаш ва ҳарбий даврга хос жароҳатлар – портлаш, ўқ яралари, куйишлар, ампутациялар, умуртқа ва бош мияга оид шикастланишлар билан шуғулланишга тайёрланмоқда.
Ўзбекистонни мақтаган Дуров ва CNN
Telegram асосчиси Павел Дуров америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида Ўзбекистонга қилган ўтган йилги ташрифига алоҳида тўхталиб, бундан жуда мамнун бўлганини айтди. Интервью бундан 9 кун олдин Карлсоннинг YouTube’даги каналига жойланганига қарамай, унда Ўзбекистон номи тилга олинганига энди эътибор қаратилди. Дуров интервьюда Францияда ўзи билан юз берган ҳибсга олиниш воқеасини шарҳлар экан, шу орада Ўзбекистонга қилган сафарини ҳам эсга олган. Аслида Ўзбекистон ҳақида биринчи бўлиб кутилмаганда Такер Карлсон сўз очган. У Ўзбекистонни тилга олиб, уни собиқ совет республикалари ҳақидаги стереотипларга зид ҳолда хавфсиз деб атаган. У Ўзбекистонда шахсан бўлмаганини, бироқ ушбу мамлакат ҳақида бирорта ҳам салбий фикр эшитмаганини таъкидлаган. Дуров эса бунга жавобан ўтган йили ёзда Ўзбекистонда бўлганини ва сафардан мамнун бўлганини айтган. У ҳатто Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига бўлган муносабатни Британия ва Франция билан солиштирган.
“Мен бу фактни (яъни одамлар Ўзбекистондан қўрқмаслигини) ҳатто билмасдим. Аммо гап айнан шунда. Болалигимизда примитив ёки ишлар қонун эмас, балки монарх истагига қараб юрадиган тизим сифатида қабул қилинган айрим давлатлар кейинчалик кўринадики, улар сенга, менга ёки инсон ҳуқуқларига ишонадиган ҳар қандай оддий инсонга нисбатан жуда нормал муносабатда бўлади. Аммо Франция ёки Буюк Британия – бу бошқа масала”, дея фикрини якунлаган Карлсон.
Аммо мазкур фикрлар яқин кунларда Ўзбекистон ҳақида дунё миқёсида айтилган ягона яхши фикрлар эмас. Таниқли халқаро таҳлилчи Ричард Квестга геосиёсий ўйин марказида жойлашган Ўзбекистон мувозанатни сақлашга интилган ҳолда барча томонлар билан дўстона муносабат ўрнатаётганини алоҳида таъкидлади. У мамлакат ташқи сиёсатини “ҳеч кимга қарши эмас, балки, ҳамма билан дўст” деб таърифлади. Масалан, Ричард Квест Ўзбекистон ичида Хитой компанияларининг фаолиятига шубҳа билан фуқаролар етарлича кўплигига қарамай, икки мамлакат стратегик шериклик даражасига кўтарилган муносабатларни ривожлантиришда давом этаётганини мисол қилиб келтирган. Квест Самарқанддаги Регистон майдонини Ўзбекистон ташқи сиёсатининг рамзи сифатида кўрсатди. Унинг таъкидлашича, Ипак йўли давридан буён ғоялар ва савдолар кесишган бу майдон, бугун дунё билан дўстлик ва турли манбалардан сармоя жалб қилиш сиёсатининг ифодасига айланган.
Хитой билан “абадий дўстлашган” Марказий Осиё
17 июнь куни “Марказий Осиё – Хитой” ўртасидаги иккинчи саммит бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича давлат раҳбарлари Остона декларациясини имзолади. Остона декларациясидан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳам имзоланди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев раислигида ўтган тадбирда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва интеграцион лойиҳаларда жуда камнамо бўлган Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашди. Саммит якунлари бўйича давлат раҳбарлари яна 12 та, умумий ҳисобда эса жами 14 та ҳужжат қабул қилди. Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ва “Марказий Осиё – Хитой” иккинчи саммитининг Остона декларациясидан ташқари МО мамлакатлари саноат бошқармалари ва Хитой Халқ Республикаси Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум, Марказий Осиё – Хитой мамлакатлари иқтисодиёт ва савдо вазирликлари ўртасида тўсиқсиз савдо соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича ўзаро англашув меморандуми, “Яшил минераллар” соҳасида сармоявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро англашув меморандуми, тезкор темирйўллар бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги меморандум, фуқароларнинг ўзаро саёҳати учун қулай шарт-шароитлар яратиш ташаббуси, 2025-2026 йилларга мўлжалланган қўшма маданий-гуманитар тадбирлар дастури ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. 17 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин музокара ўтказди. Учрашувда камбағалликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган ва "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" стратегик темирйўли қурилишини жадаллаштириш муҳимлиги ҳам қайд этилган. Шунингдек, кадрлар тайёрлаш ва хитой тилини ўрганиш соҳаларидаги алмашинувларни ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилган. Энг муҳими эса якунда икки етакчи ҳузурида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисида баённома имзолангани эълон қилинди. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев саммитнинг умумий тадбирида Афғонистон масаласини яна ўртага ташлади ва у бўйича ўзининг муҳим таклифини тақдим этди. Ўзбекистон раҳбари “Марказий Осиё – Хитой” форматида Афғонистон масаласини кўриб чиқиш бўйича юқори даражадаги гуруҳ таъсис этишни таклиф қилди. Ўзбекистон етакчиси Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистонни қайта тиклаш ва минтақавий интеграция жараёнларига жалб этилишига кўмаклашиш учун барча имкониятларга эга эканини таъкидлади.
“Биз учун нафақат қўшни, балки умумий тарихий-маданий ва иқтисодий маконимизнинг ажралмас қисми бўлган Афғонистон муаммоларига халқаро ҳамжамият эътиборининг пасайиши жиддий ташвиш уйғотмоқда. Шу муносабат билан форматимиз доирасида ушбу масалаларни кўриб чиқиш бўйича юқори даражадаги гуруҳ таъсис этишни ва унинг учрашувини Афғонистон вакиллари иштирокида чегарадош Термизда ўтказишни таклиф этаман”, деди Шавкат Мирзиёев.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев эса Си Цзиньпин билан алоқада ҳақиқий шарқона дипломатия, яъни совға-саломлар улашиш йўлини тутди. У Хитой ҳукуматига 1500 бош сайғоқни ғарбий Хитойга жойлаштириш учун совға қилди. Маълум қилинишича, ушбу ноёб ва қадимий ҳайвон бўлмиш сайғоқ мазкур жониворнинг популяцияси Хитойда қайта тикланиши учун совға қилинган. Ўз навбатида, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Қосим-Жомарт Тўқаевга қабул қилинган қарор учун миннатдорлик билдирган, чунки Хитой сайғоқлар популяциясини тиклашни режалаштирмоқда. Шунингдек, Тўқаев Цзиньпинни туғилган куни билан табриклаб, унинг Қозоғистонга ташрифи айнан шу сана билан уйғун келганини рамзий воқеа сифатида эътироф этган.
Хитой эса Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига 1,5 миллиард юанга, яъни тахминан 210 миллион доллар миқдордаги грант ажратиши эълон қилинди. Си Цзиньпиннинг сўзларига кўра, ушбу маблағ ижтимоий соҳа ва инфратузилма лойиҳаларига йўналтирилади. Содда қилиб айтганда, мазкур маблағлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда одамларнинг ҳаёт шароитларини яхшилаш ҳамда ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар учун ажратилади. Мақсад эса минтақанинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш ва МО давлатларининг Пекин билан ҳамкорлигини чуқурлаштириш.
“Биз шу йили беш мамлакатда аҳолининг фаровонлигини ошириш ва уларнинг мустақил ривожланишига кўмаклашишга қаратилган муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллиард юанга тенг беғараз грант ажратишга тайёрмиз”, дейди Си Цзиньпин.
Шунингдек, Хитой кейинги икки йил учун 3000 та таълим квотаси ажратади. Минтақа фуқаролари турли соҳалар бўйича бепул курсларда ўқиш имкониятига эга бўлади. Бу малакали кадрларни тайёрлаш ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Маълумот учун, “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасидаги биринчи саммит 2023 йил май ойида Хитойнинг Циан шаҳрида бўлиб ўтган. Ўша пайтда ҳам Хитой 26 миллиард юанга тенг ёрдам ва инвестициялар ажратилишини, унинг савдо алоқаларини енгиллаштириш, инвестицион битимларни янгилаш ва “Марказий Осиё – Хитой” газ қувурини қуриш каби мақсадлар учун мўлжалланганини эълон қилган. Бугунги кунга келиб эса Хитойнинг Марказий Осиё билан савдо айланмаси 95 млрд долларга етган. Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангариннинг таъкидлашича, муҳим йўналишлардан бири бу – электрон савдо бўлиб, у товар ва хизматлар алмашинувини тезлаштиришга янги имкониятлар очмоқда. Ўзбекистонга келадиган бўлсак, Пекин ва Тошкент ўртасидаги савдо алоқалари йилдан йилга ривожланиб боряпти. Хитой Ўзбекистон учун Россия билан бирга икки энг йирик савдо шерикдан бири ҳисобланади. Қайд этилишича, 2024 йилда товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етган. Инвестиция лойиҳалари портфели эса 60 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь