Хитойдан огоҳлантириш: Осиёдаги энг узун дарё қурияпти

Олам 17520
image
-

Хитой ҳукумати йирик ўрмон ёнғинлари ва ҳосил таҳдидлари фонида 2022 йилда қурғоқчилик ҳақида биринчи миллий огоҳлантиришни эълон қилди. Бу ҳақда “Channel News Asia” нашри хабар берган.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 18 август куни Хитойда об-ҳаво хавфининг “сариқ” даражаси эълон қилинди.

Бир неча ҳафта давомида жануби-ғарбий Сичуандан Шанхайгача бўлган дарё дельтасида Осиёнинг энг узун дарёси Янцзи оқими бўйлаб ғайритабиий иссиқлик кузатилмоқда.

Янцзи дарёсининг ўнг қирғоғида жойлашган Цзянси провинциясидаги Поянгху кўлининг чорак қисми қуриб қолган.

Шунингдек, Чунцин муниципалитетининг 34 та округидаги 66 га яқин дарё қуриб қолган.

Жорий йилнинг 15 август куни Янцзи учун асосий кузатув нуқтаси бўлган Уханда мутахассислар дарёнинг сатҳи 17,54 м атрофида, яъни ўтган йиллардаги ўртача кўрсаткичдан олти метрга паст эканлигини қайд этган. Бу 1865 йилдан бери кузатилган энг паст кўрсаткич.

Мутахассисларнинг фикрича, бу ҳодисага дарё водийсида ёғингарчиликнинг оз бўлиши, унинг юқори қисмига сув оз миқдорда кириб келиши, юқори ҳарорат, сувнинг буғланишини тезлаштиргани сабаб бўлган. Айтиш жоизки, Янцзи Хитой аҳолисининг учдан бир қисми яшайдиган ҳудуддан оқиб ўтади.

Хитой жанубида июль ойидан бери юқори ҳарорат кузатилмоқда. Шу билан бирга, кўплаб Европа давлатлари, жумладан, Британия, Франция, Германия ва Испанияда ҳам ғайритабиий иссиқлик ва қурғоқчилик кузатилмоқда.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 679
Рейтинг: 3
t
×