Хитойда ёлғиз оналар янги ҳамкорлик шаклини ўйлаб топди

Олам

image

Хитойда ёлғиз оналар ўртасида янги турдаги ҳамкорлик машҳурликка эришмоқда. Улар биргаликда яшаб, болаларни тарбиялаш ва уй-рўзғор ишларини бўлишишни йўлга қўймоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Нашрга кўра, ижтимоий тармоқларда оналарнинг биргаликда яшашни истаган ҳамфикрларни излаётгани ҳақида эълонлар тобора кўпаймоқда.

“Яна бир онани топиб, бирга яшашни, бир-биримизга ёрдам беришни истайман. Агар фарзандларимиз бир ёшда бўлса, жуда яхши, улар бир-бирларига дўст бўлишади. Баъзида болангиз билан ёлғиз бўлсангиз, ҳатто овқатланишга ҳам вақт тополмайсиз”, дейилади Rednote иловасидаги машҳур постда.

Расмий статистика мавжуд эмас, бироқ тадқиқотчиларнинг айтишича, бундай норасмий ҳамжамиятлар тобора кўпроқ кўзга ташланмоқда – хонадош излаш эълонларидан тортиб, бундай турмуш шаклининг қандай ишлашини муҳокама қиладиган гуруҳларгача.

Нашрнинг ёзишича, Хитойда тахминан 30 миллион ёлғиз она бор. Сўнгги 20 йил ичида ажралишлар сони тўрт баравар ошган ва аксарият ҳолларда болалар оналар билан қолади. Қонун билан алимент тўлаш мажбурий, бироқ йирик шаҳарлардаги кўплаб ёлғиз онали оилалар ҳануз камбағаллик чегарасида яшайди.

Бу ҳамкорлик шаклининг ёрқин намуналаридан бири 2022 йилдан бери Нанкинда бирга яшаб келаётган Зу Даньюй ва Фэй Юань оиласи.

“Биз нима учун бирга яшаётганимизни жуда яхши тушунамиз – ҳаётдаги хавф ва босимни бўлишиш учун”, дейди Зу Даньюй.

Иккаласи ҳам ажрашган – Зунинг икки қизи, Фэйнинг эса битта фарзанди бор. Улар пандемия ва локдаун даврида танишиб, дўстлашган, орадан кўп ўтмай бирга яшашга қарор қилган.

Фэй тартибни яхши кўради, бироқ пиширишни билмайди, Зу эса ажойиб ошпаз. Ҳозир улар бирга бизнес юритади, бир оиладек яшайди, уй ишларини ва болалар парваришини бўлишади. Уларнинг болалари бирга дарс тайёрлайди ва дам олиш кунларини ҳам биргаликда ўтказади.

“Асосийси болалар бахтли, соғлом бўлишсин, ўқишда ютуқларга эришишсин ва бизнинг ишимиз ривожлансин”, дейди Зу.

Мутахассисларнинг айтишича, Хитойда ёлғиз ота-оналар молиявий жиҳатдан жуда ҳимоясиз, чунки давлат ёрдами деярли йўқ, қариндошлардан ҳам катта ёрдам олинмайди. Шу боис кўпчилик ижтимоий тармоқлар орқали ўзаро кўмак излаяпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой ёлғиз оналар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг