Хитойда собиқ банк бошқаруви раиси ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
26 Ноябрь
5100Дунёдаги энг йирик банклардан бири – Bank of China собиқ бошқаруви раиси ва партия қўмитаси котиби Лю Ляньгэ порахўрликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Хитой Олий халқ прокуратурасига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Хитой Халқ Республикаси судининг қарорига кўра, Bank of China’нинг собиқ партия котиби ва бошқарув кенгаши раиси Лю Ляньгэ коррупция ва ноқонуний кредит бериш учун ўлим жазоси билан жазоланган. Хитой Олий халқ прокуратурасига кўра, Лю 121 миллион юанга (16,8 миллион доллар) тенг пора олган.
Жазо ижроси икки йилга кечиктирилган. Суд, шунингдек, Лю Ляньгэни бутун умр сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этишга ва ноқонуний олинган барча активларини давлат фойдасига мусодара қилишга ҳукм қилган. Икки йил ўтгач, агар ҳукм қилинган шахс бошқа жиноятлар содир этмаса, ўлим жазоси умр бўйи қамоққа алмаштирилади.
Маълумот учун, Си Цзиньпин 2012 йилда Хитой Халқ Республикаси раҳбари бўлиб сайланганидан кейин мамлакатда коррупцияга қарши кураш сезиларли даражада кучайган. Сўнгги йилларда коррупцияга қарши кенг кўламли кампания туфайли нафақат оддий давлат хизматчилари, балки юқори мартабали амалдорлар ҳам лавозимларидан маҳрум қилиниб, ҳатто умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Гуандун провинцияси Умумхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Чэнь Цзисин пора олишда айбдор деб топилиб, шартли ўлим жазосига ҳукм қилинган эди. Шунингдек, олдинроқ Хитой Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари Фан Йифеи пора олишда айбдор деб топилиб, шартли ўлим жазосига ҳукм қилинганди. У судда Марказий банк ва бошқа молия институтларидаги, жумладан, Хитой қурилиш банкидаги юқори лавозимидан фойдаланган ҳолда 386 миллион юандан (54,55 миллион доллар) кўпроқ қийматдаги мол-мулкни ноқонуний қабул қилишда айбдор деб топилган.
LiveБарчаси
26 Ноябрь