Хитойда фарзанд кўриш оммавий тарзда тарғиб қилинмоқда

Олам

image

Хитойда аҳоли сонининг қисқариши фонида расмийлар аёллардан фарзанд кўришни режалаштиришни сўрай бошлади. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.

Нашрга кўра, ҳозирги кунда Хитой ҳукумати “янги туғилиш маданияти”ни илгари сурмоқда. Чунки мамлакатда ҳозирги авлод камроқ фарзанд кўришни хоҳлаётгани кузатилмоқда. Хусусан, 500 минг кишилик аҳолиси бўлган Пекиннинг Миюнь туманида маҳаллий расмийлар оилани режалаштириш учун махсус ташвиқот гуруҳини ташкил қилган. Бу гуруҳ мос ёшдаги жуфтликларнинг ярмидан кўпи билан камида олти марта боғланган.

Бундан ташқари, кўплаб шаҳарларда бепул никоҳ олди тиббий кўриклар ўтказилмоқда. Бир нечта аёллар нашрга берган интервьюсида тиббий кўрикдан ўтганларига кўп бўлмай, расмийлар уларга қўнғироқ қилиб, ҳомиладор аёллар учун мўлжалланган фолий кислотасини истеъмол қилишни маслаҳат берганини билдирган.

Маълумот учун, Хитой 1970 йиллар охиридан бошлаб туғилиш даражасини чеклаш мақсадида “бир оила – бир бола” сиёсатини юритиб келган. Иккинчи фарзанд туғилганда оилалар жаримага тортилган, баъзи ҳолларда аёллар аборт қилишга мажбурланган. 2013 йилда бу сиёсат юмшатилиб, ота-оналарда ягона фарзанд бўлса, уларга икки фарзанд кўришга рухсат берилган. 2015 йилдан бошлаб эса барча оилалар учун икки бола кўриш чеклови бекор қилинган. 2021 йилда эса оилаларга уч нафар бола кўришга рухсат берилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 2100 йилга бориб, Хитой аҳолиси икки баравар камайиб, 600 миллионга тушиши мумкин. Ўтган йил ҳолатига кўра эса Хитой аҳолиси 1,42 миллиардни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг АҚШ дипломатлари билан телефон орқали суҳбатда Пекин истисно бандида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, Хитойдан болаларни  асраб олишга рухсат бермаслигини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой фарзанд кўриш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг