Дунёдаги энг йирик олтин кони топилди
Олам
−
15 Октябрь 122160
Хитой геологлари Хунань провинциясида дунёдаги энг йирик олтин рудаси конини топди. Бу ҳақда “Popular Mechanics” хабар берди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ер остида 1100 тоннагача олтин кўмилган бўлиши мумкин, бу тахминан 83 миллиард долларга тенг. Хитой давлат матбуотига кўра, кашфиёт Пинцзян округидаги фаол Вангу олтин кони остидан чиққан. Геологлар тахминан 2000 метр чуқурликда 40 дан ортиқ олтин томирларини аниқлади ва 3D моделлаштириш заҳиралар янада чуқурроқ, 3 километргача чўзилиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, жинсдаги олтин миқдори ҳар тонна руда учун 138 граммни ташкил этади – бу жаҳон олтин қазиб олиш саноати учун жуда кам учрайдиган кўрсаткич.
“Кўплаб бурғуланган жинслар кўриниб турган олтинни кўрсатди”, деди Хунань провинцияси Геология бюросининг руда қидириш бўйича мутахассиси Чэнь Рулин.
Агар ҳисоб-китоблар тасдиқланса, кон узоқ вақтдан бери тахминан 1025 тонна олтин заҳиралари билан дунёдаги энг йирик ҳисобланган Жанубий Африканинг Жанубий чуқур кони (South Deep)ни ортда қолдиради.
Бу кашфиёт аллақачон жаҳон бозорларига таъсир қилган. ОАВ хабарларига кўра, олтин нархи бир унция учун 2700 долларгача кўтарилган. Олтиннинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ва истеъмолчиси бўлган Хитой жаҳон қимматбаҳо металлар бозоридаги ўз мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлаши мумкин.
Геология бюроси бошлиғи ўринбосари Лю Юнцзюннинг сўзларига кўра, бурғулаш ишлари давом этмоқда ва участка яқинида қўшимча олтин рудаси заҳиралари аллақачон аниқланган. Мутахассисларнинг фикрича, бу кашфиёт ХХI асрда жаҳон тоғ-кон саноати учун муҳим воқеа бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 6 октябрь куни олтин нархи тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етиб, биринчи марта 4000 доллардан ошганди.