Хитойда аҳоли вазнини назорат қилиш бўйича давлат дастури жорий қилинди

Олам

image

Хитой аҳоли вазни устидан назоратни кучайтириш бўйича уч йиллик кампанияни эълон қилди. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.

Ҳужжат мамлакатнинг 16 та идора ва ташкилотлари, жумладан, Соғлиқни сақлаш давлат қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги ва Фуқаролик бошқаруви вазирликлари томонидан тайёрланган. Унда қайд этилишича, Хитой уч йил ичида одамларнинг айрим гуруҳларидаги "ғайритабиий вазн" билан боғлиқ вазиятни яхшилаши керак.

“Ҳужжат иш берувчиларни инфратузилма ва ходимларнинг жисмоний машқлар билан шуғулланиши учун бошқа қулайликлар билан таъминлашни рағбатлантиришга чақирди. Туз, шакар ва ёғ миқдори кўп бўлган озиқ-овқатлар сотилишига йўл қўймасдан, кампусларда соғлом озиқ-овқат билан таъминланган ошхона ва ресторанларни фаол қуриш зарур. Шунингдек, ўқувчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режасини, жумладан, мактабда ҳам, дарсдан кейин ҳам ҳар куни камида бир соат жисмоний фаолликни таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия этилади", деб ёзади агентлик.

Бундан ташқари, анъанавий хитой тиббиёти кампанияда катта роль ўйнайди. Давлат дастури муаллифларининг фикрича, вазн даражаси инсон саломатлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, нормадан ташқари вазн, айниқса, ортиқча вазн ва семириш юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет ва саратоннинг айрим турлари каби сурункали касалликлар ривожланишининг асосий омилларидан биридир.

Давлат соғлиқни сақлаш қўмитаси баёнотида таъкидланишича, вазнни назорат қилишнинг асосий мақсадларидан бири бу касалликларнинг олдини олиш ва уларни манбасида назорат қилиш ҳамда касалликларни оддий даволашдан кўра, инсон саломатлигини сақлашга эътибор қаратишдир.

Таъкидланишича, вазни паст бўлган ва тўйиб овқатланмайдиган одамлар ҳам вазн назорати кампаниясига киритилади.

Маълумот учун, аввалроқ семиришнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича ўтказилган илмий конференцияда академиклар 6 ёшдан 17 ёшгача бўлган хитойлик болалар ва ўсмирларнинг деярли 20 фоизи ортиқча вазн ёки семириб кетганлиги ҳақидаги маълумотларни келтирган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг