Хитойда 82,8 млрд долларлик олтин конлари топилди
Олам
−
17:01
2293Хитой геологлари мамлакатнинг Хунань провинциясида йирик олтин конларини аниқлади. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 40 та томирда топилган олтин захираларининг қиймати 82,8 миллиард долларни ташкил этади.
“Кўп йиллик машаққатли меҳнатдан сўнг Хунань институти ер остидан 2000 метрдан ортиқ қатламларда 40 дан ортиқ олтин томирларини топган. Конда олтин миқдори 138 граммгача бўлган жинслар аниқланиб, асосий қидирув ҳудудида жами 300,2 тонна олтин захираси топилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ер остида 3000 метрдан ортиқ чуқурликда, прогнозларга кўра, 1000 тоннадан ортиқ олтин бор бўлиши мумкин.
Натижаларни олишдан олдин геологлар Хунанда турли жойларда бурғилаш ишларини олиб борган, қудуқларнинг умумий чуқурлиги 150 км эди. Улар уч ўлчовли геологик моделлаштириш, бошқариладиган товуш манбаи ёрдамида электромагнит тоғ жинсларини аниқлаш ва бошқа технологиялардан фойдаланган.
Хитой дунёдаги энг йирик олтин ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. Асосий конлар Шаньдун, Хунань ва Юньнань провинцияларида жамланган. Ишлаб чиқариш давлат ва хусусий компаниялар томонидан қўллаб-қувватланмоқда, қайта ишлаш технологиялари фаол ривожланмоқда.
Бутунжаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, Хитой олтин тақинчоқларни сотиш бўйича етакчига айланди, 2023 йилда мамлакатда сотилган бундай заргарлик буюмларининг умумий оғирлиги 630 тоннани ташкил этган ва шу йили бутун дунёда ишлаб чиқарилган олтинларнинг салкам 10 фоизи Хитой ҳисобига тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2023 йил якунларига кўра, дунёдаги энг йирик олтин ишлаб чиқарувчилар орасида 10-ўринни эгаллагани хабар қилинганди. 12 ой давомида Ўзбекистонда 119,6 тонна қимматбаҳо металл ишлаб чиқарилган. 2023 йилда Россия энг йирик олтин ишлаб чиқарувчилар орасида иккинчи ўринни эгаллаган. Россия 321,8 тонна қимматбаҳо металл ишлаб чиқарган ва Хитойдан (378,2 тонна) кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Учинчи ўринда эса 293,8 тонна кўрсаткич билан Австралия қайд этилган.