Хитой Европа Иттифоқини ўзини тийиб олишга чақирди
Олам
−
09 Июнь 2023
13175Хитой Европа Иттифоқини Тайвань билан ҳар қандай расмий алоқадан ўзини тийишга ва Тайвань мустақиллиги тарафдори бўлмасликка чақирди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Вэньбинь бугун, 9 июнь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
“Биз Европа томонини Тайвань масаласининг моҳиятини тушунишга, “Ягона Хитой” тамойилига мувофиқ Хитойга бўлган мажбуриятини бажаришга ва Тайваннинг мустақиллик тарафдори бўлган кучлар учун воситачилик қилмасликка чақирамиз”, дейди Вэньбинь.
Хитой вакили мамлакатнинг миллий суверенитет ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишда қатъий эканини таъкидлаб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Тайвань атрофидаги вазият ўтган йил август ойи бошида АҚШ Конгресси Вакиллар Палатасининг ўша пайтдаги спикери Ненси Пелосининг оролга ташрифидан сўнг сезиларли даражада кескинлашган эди. Тайванни ўз вилоятларидан бири деб билган Хитой Пелосининг ташрифини қоралаб, бу ҳаракатни АҚШнинг Тайвань сепаратизмини қўллаб-қувватлаши деб баҳолаган ва кейинчалик кенг кўламли ҳарбий машғулотларни бошлаб юборганди.
Шунингдек, кеча, 8 июнь куни Хитой 37 та ҳарбий самолёти билан Тайвань оролининг ҳаво мудофаа зонасига киргани хабар берилганди. Шундан сўнг Тайвань мудофаа тизимларини фаоллаштиргани маълум бўлган эди.
LiveБарчаси