Хитой ўз савдо шерикларини огоҳлантирди
Олам
−
21 Апрель
8480Хитой АҚШ томонидан қўлланаётган босимлар эвазига савдо чекловлари жорий қилишни кўзлаган давлатларни огоҳлантирди. Бу ҳақда мамлакат Савдо вазирлиги баёнот эълон қилди.
Маълум қилинишича, Хитой ҳукумати савдо ҳамкорларини Президент Дональд Трампнинг “жавоб тариқасидаги” божларидан озод бўлиш эвазига Пекинга қарши чора кўришдан тийилишга чақирган.
Хитой Савдо вазирлиги вакили АҚШнинг Хитой иқтисодиётини изоляциялашга қаратилган тариф сиёсатини изоҳлар экан, бу ёндашув барча томонларга зарар келтириши мумкинлигини таъкидлаган.
“Имтиёзлар эвазига бошқаларнинг ҳисобидан вақтинча фойда олиш – бу худди йўлбарсдан терисини сўрашга ўхшайди. Бундай ёндашув на фойда келтиради, на барқарорлик яратади. Бу нафақат бошқаларга, балки ўзига ҳам зарар етказади”, дейилади вазирлик баёнотида.
Шундай қилиб, Хитой ҳар қандай давлат Пекин манфаатларини ҳисобга олмайдиган битимлар тузса, қатъий жавоб чораларини кўриш билан огоҳлантирмоқда.
15 апрель куни Американинг The Wall Street Journal (WSJ) газетаси АҚШ ҳукумати импорт божларини олиб ташлаш бўйича музокаралар чоғида хорижий давлатлардан Хитой билан савдони чеклашни талаб қилиш ниятида эканини хабар қилди. WSJ маълумотларига кўра, Оқ уй хорижий давлатлардан Пекинга ўз ҳудуди орқали товарларни ташишни тақиқлашни, хитойлик фирмаларнинг у ерда офис очишига йўл қўймасликни ва Хитойдан арзон саноат компонентларини уларнинг бозорларига киришига йўл қўймасликни талаб қилади.
“Аниқ талаблар, Хитойнинг ўз иқтисодиётидаги иштироки даражасини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатдан мамлакатга сезиларли даражада фарқ қилиши мумкин”, дея даъво қилмоқда нашр.
WSJ маълумотларига кўра, Пекинга бундай босим ташаббускори АҚШ Молия вазири Скотт Бессент бўлган.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой импортига божларни 145 фоизгача оширишни буюрди. Бунга жавобан Пекин импорт қилинган Америка товарларига 125 фоизлик божлар жорий қилди. Оқ уй раҳбари 17 апрель куни Қўшма Штатлар Хитой билан тарифлар бўйича музокаралар олиб бораётганини айтиб, Пекин билан келишувга эришиш мумкинлигига ишончи комил эканини қўшимча қилди.
“Ҳа, биз Хитой билан гаплашамиз. Айтишим керакки, улар бир неча марта алоқа қилишган”, деди Трамп Овал кабинетда журналистлар билан суҳбатда.
Хитой илгари мулоқотга чақирган бўлса-да, АҚШ билан музокараларни тасдиқламади. Шу билан бирга, Пекин савдо урушига “охиригача” курашишга ваъда берди ва Вашингтонни халқаро тартибни “ўрмон қонуни”га қайтаришдан огоҳлантирди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Оқ уй Миллий иқтисодий кенгаши директори Кевин Ҳассет 130 давлат АҚШ маъмурияти билан боғланиб, тарифлар бўйича музокаралар олиб бориш истагини билдиргани, АҚШ аллақачон улар билан музокараларни бошлаганини айтганди. 17 апрель куни Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирининг ўринбосари Жанель Кушукова Қозоғистон делегацияси импорт божлари бўйича маслаҳатлашувлар ўтказиш учун АҚШга боришини маълум қилди.
LiveБарчаси