Хитой “Толибон”ни ШҲТ саммитига таклиф қилди
Олам
−
21 Апрель
3361Хитойнинг Қобулдаги элчиси Чжао Син Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматини шу йили ўтказиладиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этишга таклиф қилди. Бу ҳақда муваққат ҳукумат Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, “Ariana News” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, мазкур таклиф ТИВ молия ва бошқарув бўйича ўринбосари Муҳаммад Найим билан бўлиб ўтган учрашув чоғида билдирилган. Кеча, 20 апрель куни эълон қилинган расмий баёнотда айтилишича, Хитой Афғонистон билан “икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга” қизиқиш билдирган.
Шунингдек, баёнотда Чжаонинг сўзларидан иқтибос келтирилган. У Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида Хитой ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга “катта аҳамият беришини” ва икки давлат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш йўлида қўшимча чоралар кўришга тайёр эканини таъкидлаган.
Учрашув чоғида Муҳаммад Найим қўшничилик муносабатларининг аҳамиятини алоҳида қайд этган.
“Хитой ва Афғонистон қўшни давлатлардир, қўшнилар ўртасидаги ижобий муносабатларни сақлаб қолиш ҳар икки томон учун муҳим”, деган Найим.
Маълумот учун, Афғонистон 2024 йил 15-16 октябрь кунлари Исломободда бўлиб ўтган ШҲТ саммитига таклиф қилинмаган. Афғонистоннинг ШҲТдаги мақоми 2021 йил сентябрдан бери фаол эмас. Мамлакат 2012 йил 7 июнда ШҲТга кузатувчи аъзо сифатида қабул қилинган, бироқ бу муддат ичида ташкилот фаолиятида фаол иштирок этмаган.
ШҲТнинг 25-саммити шу йилнинг иккинчи ярмида Хитойда ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур саммит озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика, атроф-муҳит ва терроризмга қарши кураш каби муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлади. Дунё ялпи ички маҳсулотининг 25 фоизи ва аҳолисининг 40 фоизини ўзида мужассам этган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти иқтисодий, савдо ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлашда аҳамиятли ўрин эгаллайди. Бундан ташқари, Хитойда йил давомида ШҲТ доирасида 40 дан ортиқ қўшимча йиғилишлар ўтказилиши кутилмоқда.
LiveБарчаси