Хитой ТИВ Сунакнинг айбловлари ёлғон эканини таъкидлади
Олам
−
24 Май 2023
5761Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ҳуа Чунин Буюк Британия Бош вазири Риши Сунакнинг Хиросимада бўлиб ўтган G7 саммитида Хитойга қарши айтган айбловларини рад этди. Бу ҳақда жорий йилнинг 22 май куни кечқурун у ўзининг Twitter саҳифасида ёзди.
“Катта еттиликнинг баъзи аъзолари Хитойни глобал хавфсизлик ва фаровонликка энг катта таҳдид, деб атади. Ростданми?”, деб ёзган Ҳуа Чунин.
Шунингдек, дипломат Жаҳон банки маълумотлар базасига асосланган графикни эълон қилган, унда 2013 йилдан 2021 йилгача Хитойнинг жаҳон ялпи ички маҳсулоти ўсишига қўшган ҳиссаси 38,6 фоизни, G7 мамлакатлариники эса 25,7 фоизни (уларнинг 18,6 фоизи АҚШ ҳиссасига тўғри келади) ташкил этганини кўрсатган.
“Агар Хитой таҳдид бўлса, суверен давлатлар билан уруш бошлайдиган, қонуний хорижий ҳукуматларни ағдариб ташлайдиган, кўп томонлама шартномалардан чиқадиган ва бошқа мамлакатларни таъминот занжирларини кесишга мажбурлайдиган G7 аъзолари нима?”, дейди Ҳуа Чунин.
Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан 2001 йилгача дунёнинг 153 минтақасида 248 та қуролли тўқнашув содир бўлган, улардан 201 таси АҚШ ташаббуси билан бошланган.
Эслатиб ўтамиз, 21 март куни Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Хиросимадаги G7 саммити якунлари бўйича матбуот анжуманида сўзлаб, Хитой “асримизнинг энг катта глобал хавфсизлик муаммоси” эканини айтганди. Шундан сўнг Хитойнинг Лондондаги элчихонаси Британия ҳукуматини Пекинга қарши “туҳматли баёнотлар” беришни бас қилишга ва бунинг ўрнига, ўз муаммолари билан шуғулланишга чақирганди.
LiveБарчаси