Хитой тарихда илк бор Қозоғистоннинг асосий савдо ҳамкорига айланди
Олам
−
29 Июль 2023
6291Жорий йилнинг январь-май ойлари натижаларига кўра, Хитой илк бор Қозоғистон билан ўзаро савдода Россияни қувиб ўтиб, мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорига айланди. Бу ҳақда “Inbusiness.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, Россия ўнлаб йиллар давомида Қозоғистонинг биринчи рақамли савдо ҳамкори бўлиб келган, аммо Россия-Украина уруши, санкциялар ва янги геосиёсий воқеликлар мувозанатни бузган. Натижада, жорий йилнинг июнь ойига келиб Хитойнинг Қозоғистон ташқи савдосидаги улуши 19,2 фоизга етган ва бу бўйича биринчи марта Қозоғистон-Россия савдо кўрсаткичларини ортда қолдирган. Қозоғистон билан савдо операцияларида Россиянинг улуши мос равишда 18,8 фоизни ташкил этмоқда.
Статистика маълумотларига кўра, 2022 йилда Қозоғистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Хитойга экспорти деярли 40 фоизга ўсган. Ўтган йилдан бошлаб мамлакатнинг Хитой билан ўзаро савдо ҳажми ўса бошлаган. Агар ўшанда Россиянинг савдо операциялари ҳажми 1,5 миллиард долларга ўсган бўлса, Хитойники 6,2 миллиардга кўпайган.
Жорий йилнинг январь-май ойларида Қозоғистоннинг Хитой билан товар айирбошлаш ҳажми 10,7 миллиард долларни ташкил этди. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 8,8 миллиард доллар бўлган.
Икки мамлакат ўзаро савдо кўламининг ўсиши Хитойнинг Қозоғистонга экспорти ҳажми ортиши сабабли кузатилди. Маълумот учун, Хитой Қозоғистонга электротехникалар (смартфонлар, ноутбуклар), кийим-кечак ва турли автомобиль қисмлари етказиб беради. Шунингдек, яқинда икки давлат ўзаро визасиз режим жорий қилгани ҳам савдо алоқаларидаги ижобий динамикани мустаҳкамлаши мумкинлиги кутилмоқда.
Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги чегарада темир йўл ва қуруқлик инфратузилмасини модернизация қилиш, кенгайтириш ва қуриш ҳисобига бу тенденция кучайиши прогноз қилиняпти. Ҳозирда мамлакатлар ўртасидаги юк ташиш ҳажми деярли 50 фоизга ўсиб бормоқда.