Хитой сунъий йўлдошларга қарши махфий қурол ишлаб чиқди
Олам
−
15:45 557 2 дақиқа
Хитой ҳарбийлари “Starlink” сунъий йўлдошларини йўқ қилиш салоҳиятига эга бўлган импульсли қурол ишлаб чиқди. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Миллий мудофаа технологиялари университети тадқиқотчиларининг “High Power Laser and Particle Beams” журналида чоп этилган мақоласида сўз боради.
Миллий мудофаа технологиялари университети (NUDT) жамоаси Хитой армияси томонидан сўнгги йилларда ишлаб чиқилган бир нечта импульсли генераторларнинг тафсилотларини эълон қилди.
Улар орасида Чжан Цзюнь бошчилигидаги тадқиқотчилар тушунтирганидек, бир нечта синхронлаштирилган импульсли генераторларни бирлаштириш ҳисобига 100 гигаватт қувватга эриша оладиган қурилма алоҳида ажралиб туради. Таққослаш учун: овқат иситиш учун мўлжалланган оддий маиший микротўлқинли печ тахминан 800 ватт, яъни 0,0000008 ГВт қувватга эга микротўлқинларни ҳосил қилади.
Ушбу кўрсаткичнинг кўламини тасаввур қилиш учун: экспертларнинг фикрига кўра, бор-йўғи 1 гигаваттли импульс ҳам паст орбитадаги сунъий йўлдош электроникасига жиддий халақит беришга ёки тўғридан тўғри шикаст етказишга қодир. NUDT томонидан тавсифланган тизим эса бу қувватни юз бараварга оширади, бунинг устига иш муаллифлари конструкцияни янада кенгайтириш (қувватини ошириш) мумкинлигини таъкидламоқда.
Мақолада айтилишича, асосий техник ечим электр изоляцияси бўйича чекловларга дуч келадиган ягона генераторга суяниш ўрнига, бир нечта ихчам импульсли қувват модулларини синхронлаштиришдан иборат. Олимларнинг сўзларига кўра, бундай модулли архитектура ҳар бир блокка мажмуанинг умумий ишига путур етказмаган ҳолда, деярли максимал режимда ишлаш имконини беради.
Олимларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда технологиялар “лаборатория прототипларидан амалий қўлланишгача” бўлган йўлни босиб ўтган, ишлаб чиқилган қурилмалар эса янада самарали ва чидамли бўлган.
Тадқиқотчиларнинг баҳолашича, бу каби тизимларни қўллаш харажатлари коинотдаги нишонларни йўқ қилишнинг анъанавий воситаларига қараганда сезиларли даражада паст бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда қуввати 1 ГВт бўлган дунёдаги энг йирик “Hami” гибрид қуёш электр станциясидан тижорий мақсадларда фойдаланиш бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси