Хитой, Россия ва Эрон қўшма ҳарбий машғулот ўтказади
Олам
−
09 Март
6941Хитой, Россия ва Эрон март ойининг биринчи ярмида Эроннинг Чабаҳар порти яқинидаги ҳудудда “Security Bond 2025” номли қўшма ҳарбий-денгиз машғулотларини ўтказади. Бу ҳақда Хитой Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, машғулотларнинг асосий мақсади иштирокчи давлатлар Қуролли кучлари ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳисобланади. Дастур доирасида денгиз нишонларига зарба бериш, шикастланишларни бартараф этиш ҳамда қўшма қидирув-қутқарув операцияларини ўтказиш режалаштирилган.
Хитой томони машғулотларда “Баотоу” эсминеци ва “Гаою Лейк” таъминот кемаси билан иштирок этади. “Баотоу” эсминеци жорий йилнинг февраль ойида Покистонда бўлиб ўтган “Mir-2025” халқаро машғулотларида ҳам қатнашган эди.
Маълумот учун, 2024 йил ноябрь ойи охирида Россия Ҳарбий-ҳаво кучлари ва Хитой Ҳарбий-ҳаво кучлари Япония ва Шарқий Хитой денгизлари ҳамда Тинч океанининг ғарбий қисмида қўшма патруллик учишларини амалга оширганди. 2024 йил сентябрь ойида Россия ва Хитой қўшма ҳарбий-денгиз машғулотларини ўтказди. 2024 йил октябрь ойида эса икки мамлакат ҳарбийлари Тинч океанида ракета ҳужумига қарши қўшма мудофаа машғулотларини ўтказди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой 2025 йилда ҳарбий бюджетини 7,2 фоизга ошириб, 1,784 триллион юанга (тахминан 245 миллиард доллардан ортиққа) етказмоқчи экани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси