Хитой кемалари Япония сувларига кириб борди

Олам

image

Хитой қирғоқни ҳимоя қилиш хизмати кемалари 16 ноябрь куни Шарқий Хитой денгизида Сенкаку ороллари (уларнинг хитойча номи – Дяоюйдао) яқинидаги, Япония назоратида бўлган сув ҳудудига кириб борди. Бу ҳақда “Bloomberg” нашри хабар берди.

Пекин томонидан билдирилишича, Япония назоратидаги, аммо Хитой даъво қиладиган ушбу одам яшамайдиган ороллар атрофидаги ҳудудий сувларда “патруллик қилиш” амалга оширилган бўлиб, унинг мақсади Хитойнинг “ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш”дан иборат бўлган.

Ҳодиса Япония ва Хитой ўртасида таранглик кучайиб бораётган бир пайтда содир бўлган. Бунга Япония Бош вазири Санаэ Такаити 2025 йил 7 ноябрь куни парламентда сўзлар экан, Хитойнинг Тайванга эҳтимолий ҳужумига Япониянинг ҳарбий жавобини истисно этмагани сабаб бўлган. Унинг бу баёноти Пекинда кескин реакция уйғотган, Хитой томони Япониядан бу позициядан воз кечишни талаб қилган. Шундан сўнг Хитой ҳукумати ўз фуқароларига Японияга сафарлардан воз кечишни тавсия этди.

Сўнгги кунлар ичида маълум бўлишича, Такаити Япониянинг ядровий қуролдан воз кечишга оид принципларини қайта кўриб чиқиш имкониятини ўрганмоқда.

1967 йилда қабул қилинган уч “ядросиз принцип”га мувофиқ, Япония ядровий қуролга эга бўлиш, уни ишлаб чиқиш ва мамлакат ҳудудига киритишдан воз кечган. Ҳозир Токиo ядровий қуролни мамлакатга киритишга қўйилган тақиқнинг мақсадга мувофиқлиги борасида шубҳаланмоқда, чунки бу тақиқ Япониянинг иттифоқдоши – АҚШ томонидан таъминланаётган ядровий тийиб туриш сиёсатининг самарадорлигини пасайтиради, деб ҳисобланмоқда. Ҳозирда Вашингтон ўзининг Японияда жойлашган ҳарбий базаларида ва япон портларига кираётган кемаларига ядровий қуроллар жойлаштира олмайди.

16 ноябрь куни Тайвань мудофаа вазирлиги хабарига кўра, сўнгги 24 соат ичида Хитойнинг 30 та ҳарбий самолёти ва 7 та ҳарбий кемаси орол атрофидаги ҳаво ҳудуди ва ҳудудий сувларга кириб чиққан.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Япония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг