Хитой Исроилни Ғазо бўйича хомхаёлларга берилмасликка чақирди
Олам
−
21 Сентябрь
7021Хитойнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили ўринбосари Гэн Шуан Исроилни Ғазо секторида куч ишлатиш ва тўлиқ ҳарбий ғалаба ҳақидаги иллюзияларга таянишдан воз кечиб, Ливан суверенитети ва хавфсизлигига тажовуз қилишни бас қилишга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 20 июль куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишида маълум қилди.
Шуан Ғазода давом этаётган жангларнинг таъсири каттароқ суръатларда намоён бўлаётгани, Исроил эса бутун Яқин Шарқ тинчлиги ва барқарорлигига рахна солиб, кенг қамровли можаро ёқасида турганини билдирган.
“Хитой Исроилни куч ишлатиш ва тўлиқ ҳарбий ғалабага интилиш иллюзиясидан воз кечишга, Ғазодаги ҳарбий амалиётларини зудлик билан тўхтатишга, Ливан суверенитети ва хавфсизлигига тажовуз қилишни тўхтатишга ва минтақага таъсир қилиши мумкин бўлган ҳар қандай хавф-хатарни барҳам беришга чақиради”, деган у.
Фаластин томонидан таклиф қилинган ва 18 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг фавқулодда махсус сессияси томонидан қабул қилинган резолюцияни “тарихий ёдгорлик” деб таърифлаган Гэн Шуан резолюцияда Исроилдан босиб олинган Фаластин ҳудудидаги ерларни қайтаришни талаб қилиб, халқаро ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш кераклигини яна бир бор эслатиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, резолюция халқаро ҳамжамиятнинг “Яқин Шарқда адолатни таъминлаш ва тинчликни амалга ошириш” бўйича кенг консенсусини ўзида мужассам этган. У халқаро ҳамжамиятни зудлик билан икки давлат асосидаги ечим имкониятларини жонлантириш учун ҳаракат қилишга чақирди.
Элчининг таъкидлашича, Хавфсизлик Кенгаши халқаро ҳамжамиятнинг чақириқларига қарамай, бир алоҳида давлатнинг салбий муносабати туфайли Фаластин масаласини ҳал қилиш ёки қарийб бир йилдан бери давом этаётган Ғазо можаросини тўхтатиш бўйича қатъий чоралар кўра олмади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош ассамблеяси Исроилдан Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларидан кучларини олиб чиқишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Фаластин томонидан ўнлаб бошқа давлатлар билан биргаликда таклиф этилган резолюция учун 124 та делегация овоз берди. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. 43 та давлат бетараф қолди, 14 таси эса қарши чиқди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь