Хитой АҚШни Тайвань билан алоқаларни узишга чақирди

Жамият

image

Хитой АҚШ ва Тайвань ўртасидаги ҳар қандай расмий алоқаларга қатъиян қарши чиқади, шунингдек, АҚШни орол билан расмий мулоқотларни зудлик билан тўхтатишга ва Тайвань мустақиллигига интилаётган “сепаратистик кучлар”га ҳар қандай нотўғри сигнал юборишдан тийилишга қатъий чақирди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Линь Цзянга таяниб, “Синьхуа” хабар берди.

Қайд этилишича, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШ ва Тайвань ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш мақсадида мамлакат Давлат департаментига бу муносабатларни қайта кўриб чиқишни буюрувчи қонунни имзолаган эди. Ушбу хабарга Хитой томонидан изоҳ бериш сўралганда Линь Цзянь Хитой АҚШ ва Хитойнинг Тайвань минтақаси ўртасидаги ҳар қандай шаклдаги расмий алоқаларга қатъиян қарши эканини, бу позиция изчил ва аниқ эканини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, Тайвань масаласи Хитойнинг асосий манфаатлари марказида туради ва Хитой-АҚШ муносабатларида кесиб ўтиб бўлмайдиган биринчи “қизил чизиқ”дир.

Хитойлик дипломатнинг айтишича, “ягона Хитой” принципи Хитой–АҚШ муносабатларининг сиёсий асосини ташкил этади.

“Америка Қўшма Штатлари Хитой Халқ Республикасининг ҳукуматини Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати сифатида тан олади. Шу асосда Америка халқи Тайвань халқи билан маданий, савдо ва бошқа норасмий алоқаларни давом эттиради”, дейди АҚШ ҳукумати икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилиши ҳақидаги қўшма коммюникеда.

Хитой АҚШни “ягона Хитой” принципига ва Хитой-АҚШ ўртасидаги учта қўшма коммюнике қоидаларига ҳалол амал қилишга, Тайвань масаласига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан ёндашишга, Тайвань билан расмий алоқаларни тўхтатишга ва “Тайвань мустақиллиги”га интилаётган сепаратистик кучларга ҳар қандай нотўғри сигнал юбормасликка чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тайвань Хитойдан келиши мумкин бўлган хавфларга қарши туриш учун қўшимча 40 миллиард долларлик мудофаа харажатларини режалаштираётгани маълум қилинганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой Тайвань

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг