Хитой Филиппин яқинидаги оролни эгаллаб олди

Олам

image

Хитой соҳил қўриқчилари Жанубий Хитой денгизидаги Спратли архипелагига кирувчи, Филиппиннинг муҳим таянч пунктларидан биридан атиги бир неча километр узоқликда жойлашган кимсасиз Сэнди-Кей оролини эгаллаб олди. Бу ҳақда CCTV хабар берди.

Телеканал маълумотига кўра, Хитой соҳил қўриқчилари офицерлари оролда Хитой Халқ Республикасининг байроғини ўрнатиб, “суверенитетни эълон қилиш ва Филиппин томонидан амалга оширилган ноқонуний фаолиятнинг видео-далилларини йиғиш” учун ҳаракат қилган.

“Bloomberg”нинг ёзишича, гап Филиппин вакиллари томонидан қолдирилган чиқиндилар ҳақида бормоқда. CCTV шунингдек, Хитой соҳил қўриқчилари оролга тушиб, Хитой байроғини ўрнатаётганини акс эттирувчи кадрларни намойиш этди.

Маълумот учун, Сэнди-Кей – майдони 200 квадрат метрдан камроқ бўлган қумтепалик. “Financial Times”нинг ёзишича, орол Хитой учун стратегик аҳамиятга эга. Халқаро денгиз ҳуқуқи бўйича, Хитой оролни эгаллаш орқали унинг атрофидаги 12 денгиз мили (тахминан 22 километр) радиусдаги ҳудудий сувларга ҳам назорат ўрнатади. Бу ҳудуд ичига Титу ороли ҳам киради. Титу ороли орқали Филиппин Хитой фаолиятини кузатиб боради ва бу ерда Маниланинг 2023 йилдан буён бошқариб келаётган муҳим таянч пункти жойлашган. Ҳозирда у ерда учиш-қўниш йўлаги ва бошқа инфратузилмалар модернизация қилинмоқда.

Айни вақтда Сэнди-Кей оролида Хитойнинг доимий ҳарбий ёки фуқаролик мавжудлиги белгилари йўқ. Филиппин денгиз хавфсизлиги вакилининг маълум қилишича, Хитой соҳил қўриқчилари байроқ ўрнатгач, оролни тарк этган.

Хитой соҳил қўриқчиларининг бу ҳаракати Филиппин ва АҚШнинг энг йирик йиллик ҳарбий машғулотларига тайёргарлик кўраётган пайтига тўғри келди. Машғулотлар бугун, 28 апрель куни бошланади ва Спратли архипелагига яқин Филиппин ҳудудида қирғоқ мудофааси ва орол эгаллаш бўйича машғулотларни ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Филиппин ва Америка Қўшма Штатлари Хитой яқинидаги Нуэва-Эсиха шаҳрида “Salaknib and Balikatan” (SABAK) деб номланган йиллик қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказганди. Ҳар йили ўтказиладиган SABAK машғулотларининг ушбу босқичида Филиппин армиясидан 3000 га яқин ва АҚШ Тинч океани армиясидан (USARPAC) 2000 га яқин аскар иштирок этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Филиппин Сэнди-Кей ороли

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг