Хитой армияси раҳбарияти “урушга тайёрланиш”га чақирди
Олам
−
30 Июль 2022
22574Хитой Халқ Озодлик Армияси раҳбарияти аскарларни “урушга тайёрланишга” чақирди. Шу мазмундаги қисқача хабар ХХР 80-қўшма қуролли армиясининг Weibo ижтимоий тармоғидаги аккаунтида эълон қилинди, деб ёзмоқда “Global Times”.
Икки иероглифдан иборат “Урушга тайёрланинг!” АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга режалаштирилган ташрифи фонида 12 соат ичида 300 000 дан ортиқ лайк ва 19 000 изоҳ тўплади.
Ушбу пост изоҳида қуролли кучлар вакиллари бу Хитой халқ озодлик армияси ташкил этилганининг 95 йиллигига тўғри келганига эътибор қаратган.
Нашрнинг ёзишича, кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари бу чақирувни қўллаб-қувватлаб, изоҳлар қолдирган:
Баъзи Хитой армияси фахрийлари мамлакатга керак бўлганда ҳарбий хизматга қайтишга доимо тайёр эканлигини айтган. Ва баъзи фойдаланувчилар Тайвань бўғозининг икки томонини тезроқ бирлаштириш чақириқлари билан чиққан.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Осиёга сафари чоғида Хитой ўз ҳудуди деб ҳисобловчи Тайванга ҳам бориши мумкинлиги Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг яна кескинлашишига сабаб бўляпти. Хитой томони бундай ҳаракатлардан тийилишга чақириб, огоҳлантириш билан чиқди.
Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.
Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди.
АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь