Хитой АҚШнинг Осиёда ҳарбий блоклар яратишига қарши чиқди
Олам
−
19 Август 2023
5504Хитой АҚШнинг Осиё-Тинч океани минтақасида ҳарбий блоклар яратишга уринишига қаршилик қилади. Бу ҳақда Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси АҚШ, Жанубий Корея ва Япония ўртасидаги уч томонлама учрашув якунлари ҳақидаги баёнотида сўз борди.
“Биз ишонамизки, турли хил изоляция қилинган гуруҳларни бирлаштириш, шунингдек, блоклар тўқнашуви ва ҳарбий блокларни Осиё-Тинч океани минтақасига олиб киришга уринишлар қўллаб-қувватланмайди ва фақат минтақа давлатларининг эҳтиёткорлиги ва қаршиликларига дуч келади”, дейилади элчихона хабарида.
Бироқ Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан уч етакчининг учрашуви олдидан Қўшма Штатлар Жанубий Корея ва Япония билан НАТО типидаги расмий ҳарбий иттифоқ тузишни мақсад қилмаётганини айтган. У Тинч океанида НАТОнинг ўхшаши бўлмаслигига ишонтирган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 август куни АҚШ Президенти Жо Байден Япония ва Жанубий Корея раҳбарлари билан саммит ўтказганди. Вашингтон яқинидаги президент қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Япония Бош вазири Фумио Кисида, Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль ва Байден қўшма баёнот чиқариб, мамлакатлар Шимолий Корея билан ҳеч қандай шартларсиз мулоқотни тиклашга ва ҳар йили йирик ҳарбий машғулотлар ўтказишга тайёрлигини билдирди.
LiveБарчаси