Хитой АҚШни ядровий қуролсизланиш мажбуриятини бажаришга чақирди

Олам

image

Бугун, 23 декабрь куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Лин Жиан Пекиндаги матбуот анжуманида АҚШни ядровий қуролсизланиш бўйича мажбуриятларини бажаришга чақирди. Бу ҳақда “Straits times” хабар берди.

Қайд этилишича, бу чақириқ Пентагоннинг Хитой Мўғулистон чегараси яқинидаги ҳудудларга 100 дан ортиқ қитъалараро баллистик ракеталарни жойлаштирган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ҳисоботига жавобан билдирилди.

“Энг йирик ядровий арсеналга эга супердавлат сифатида АҚШ учун энг долзарб вазифа ядровий қуролсизланиш бўйича махсус ва устувор масъулиятни астойдил бажаришдир”, деди Лин Жиан.

У, шунингдек, АҚШ ўз ядровий арсеналини сезиларли даражада камайтириб, бошқа ядровий қуролга эга давлатларнинг қуролсизланиш жараёнига қўшилишини таъминлаши кераклигини билдирди.

Пентагон ҳисоботига кўра, Хитой Мўғулистон яқинидаги учта силос майдонида 100 дан ортиқ DF-31 қитъалараро балластик ракеталарни жойлаштирган бўлиши мумкин. Чикагода жойлашган нотижорат ташкилот – Bulletin of the Atomic Scientists эса Хитой ўз қурол захирасини бошқа давлатларга нисбатан тезкор кенгайтираётганини ва модернизация қилаётганини билдирган.

Лин Жианнинг қўшимча қилишича, Пекин бундай ҳаракатларни амалга ошириш ёки қурол назорати бўйича кенг қамровли музокаралар олиб боришга иштиёқини кўрсатмаяпти.

“Хитой ядровий қуролни биринчи ишлатмаслик сиёсатига қатъий амал қилади ва ўзини ҳимоя қилиш учун ядровий стратегияни қўллаб-қувватлайди. Ҳеч бир давлат билан ядровий пойгада қатнашмайди”, деди Лин.

Пентагон ҳисоботига кўра, 2024 йилда Хитойда ядровий каллаклар захираси ҳали 600 дан паст бўлган, аммо Хитой 2030 йилга келиб 1000 дан ортиқ жанговар каллакларга эга бўлишни режалаштирмоқда. АҚШда эса тахминан 5177 та ядровий каллак мавжуд.

Лин Жиан, шунингдек, АҚШнинг илгари ҳам шунга ўхшаш ҳисоботлар орқали Хитойни модернизация жараёнини танқид қилганини ва глобал стратегик барқарорликни бузувчи ҳаракатларга баҳона топишга уринаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония ўз ҳудудида АҚШ ядро қуролини жойлаштирмоқчилиги ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой Пентагон ядро ядровий қуролсизланиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг