Хитой АҚШни Украина бўйича тинч мулоқот ўрнатишга қаршилик қилишда айблади
Олам
−
24 Март 2023
6869Америка Қўшма Штатлари Россияни халқаро ҳамжамиятдан ажратиб қўйишга уриниб, бошқа давлатларнинг Украинадаги можаро бўйича тинч мулоқотни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақда бугун, 24 март куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг маълум қилди.
“Хитой Украина можаросини сиёсий йўллар билан ҳал қилишда конструктив роль ўйнамоқда, айни пайтда Қўшма Штатлар нафақат оловга ёғ қуймоқда, балки бошқа давлатларнинг тинч мулоқотни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилмоқда”, дейди у брифингда.
Шунингдек, Мао Нинг Хитой ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик ҳеч қандай учинчи томонга қарши эмаслиги, Пекин ва Москва икки мамлакат халқлари ҳамда бутун дунё манфаати йўлида ўзаро ҳамкорлик қилаётганини қайд этган.
Унинг таъкидлашича, Хитойдан фарқли ўлароқ, Қўшма Штатлар халқаро майдонда ўз гегемонлигини таъминлашга, алоҳида давлатларни таъқиб ва изоляция қилишга ҳаракат қилмоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 22 март куни Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Қўшма Штатлар бошқа давлатларнинг Украина можороси атрофидаги ҳаракатларига қарши эканини, бу Россиянинг Украинага босқинини осонлаштираётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Россия ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг кучайиши фонида бошқа давлатларнинг Москвани яккалаб қўйиш уринишларига тўсқинлик қилаётган қадамларини қўллаб-қувватламайди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ расмийлари Хитой “уларни салбий кўринишда кўрсатиш”га, Вашингтон ўт очишни тўхтатишга қарши туришини исботлашга уринишидан хавотирда эканини билдирганди.
LiveБарчаси