АҚШ Хитойнинг Украина бўйича режасидан хавотирда
Олам
−
23 Март 2023
8708АҚШ ҳукумати Хитой томонидан Москва ва Киев ўртасидаги можарони ҳал қилиш бўйича таклиф қилинган режа туфайли мамлакат “бурчакка тиқилиб қолиши”дан қўрқмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” АҚШ маъмуриятидаги манбага таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, Вашингтон ХХР ғоясига шубҳа билан қараган ва Пекиннинг ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги чақириғи Россияга “ҳудудий ютуқларини таъминлаш” имконини беришини таъкидлаган. Бироқ Қўшма Штатлар режани эътиборсиз қолдира олмайди, чунки бу Хитойга жанговар ҳаракатлар ва иқтисодий зарарлардан чарчаган бошқа давлатларга “Вашингтон тинчликдан манфаатдор эмас” эканини исботлаш имконини беради.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази тадқиқотчиси Бонни Лин ҳам бу фикрга қўшилиб, Хитой “АҚШни салбий кўринишда кўрсатиш” учун Вашингтон ўт очишни тўхтатишга қарши туришини таъкидлашини тахмин қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 февралида Россия ҳарбий амалиёти бошланганининг йиллиги муносабати билан Хитой Украинадаги можарони ҳал қилиш режасини тақдим этганди. Ҳужжат 12 банддан иборат бўлиб, улар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, эскалацияни рад этиш ҳамда Москва ва Киев ўртасидаги музокараларни қайта бошлашни назарда тутади.
АҚШ Президенти Жо Байден Хитой томонининг таклифларини фақат Россия учун фойдали деб атаганди. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Хитой ташаббуси режа эмас, балки фикрлар баёни эканини айтган. Шунингдек, Европа дипломатияси раҳбари Жосеп Боррел Хитой “тажовузкор ва қурбон”ни тенглаштирмоқда, деган фикрни билдирганди.
Россия эса Хитой ташаббусини ижобий баҳолаб, Москва хитойлик дўстларининг Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал қилишга ҳисса қўшишга бўлган самимий истагини қадрлашини айтганди. Кремль муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш учун тезислар ишлаб чиқишга бўлган ҳар қандай уринишларни олқишлаши, аммо Киев билан мулоқот қилиш қийинлигини таъкидлаганди. Президент Владимир Путин келажакда Хитой таклифларини тинч йўл билан ҳал қилиш режасини ишлаб чиқиш учун асос бўлиши мумкинлигини тан олган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь