Хитой 2050 йилгача “сунъий қуёш”ни ишга туширмоқчи

Технология

image

Хитой 2050 йилгача термоядро синтези технологиясини жорий этиб, тоза энергия ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Термоядро синтези – бу енгил атом ядроларининг оғирроқ ядроларга бирикиши натижасида катта миқдорда энергия ҳосил бўлиш жараёни. Бу механизм Қуёш ва бошқа юлдузларнинг ишлаш асосини ташкил этади. Анъанавий ядровий энергетикадан фарқли равишда, термоядро реакцияси радиоактив чиқиндилар ҳосил қилмайди ва деярли туганмас энергия манбаи сифатида қаралади.

Хитойнинг “сунъий қуёш” деб аталган қурилмаси токамак бўлиб, у кучли магнит майдонлари ёрдамида юқори ҳароратдаги плазмани ушлаб туради ва термоядро реакцияларини давом эттиришга хизмат қилади.

2023 йилда Хитой миллий ядровий корпорацияси (CNNC) China Fusion Corp. компаниясини ташкил қилиб, бу технологияни ривожлантириш учун 240 миллион доллар инвестиция жалб қилган.

Бугунги кунда АҚШ, Россия ва Жанубий Корея каби фақат бир нечта давлатлар термоядро синтези соҳасида сезиларли ютуқларга эришган. Бироқ Хитой ушбу йўналишда илмий-техник салоҳиятини фаол равишда кенгайтириб, етакчи давлатлардан бирига айланишни мақсад қилмоқда.

Термоядро синтези тадқиқотларидан ташқари, Пекин кичик қувватли реакторлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва анъанавий атом электр станцияларини кенгайтиришни ҳам режалаштирган. CNNC маълумотларига кўра, 2022 йилдан бери ҳар йили ўртача 10 та янги реактор қурилиши маъқулланмоқда. 2030 йилга бориб, Хитой АҚШ ва Францияни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик ядровий давлатга айланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хитойлик олимлар юқори аниқликдаги кўчма атом соатини ишлаб чиққан эди. мазкур соатлар жанговар ҳудудларга олиб борилиши ва замонавий уруш усулларини тубдан ўзгартириши кутилмоқда. Юқори аниқликдаги вақтни ўлчаш тизими радарларнинг синхрон ишлашига имкон беради, улар эса кўринмас самолётларни аниқлаш ва кузатишда ёрдам беради. Бундай соатлар, шунингдек, радиоэлектрон кураш (РЭК) сигналларининг сифатини яхшилашга ва катта ҳажмдаги маълумотларни узатишни осонлаштиришга ёрдам беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой технология сунъий қуёш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг