Хитой ҳарбий самолётлари Тайван ҳаво ҳудудига кирди
Олам
−
26 Декабрь 2022
9758Сўнгги 24 соат ичида Тайван атрофида Хитой ҳарбий-ҳаво кучларининг 71 та самолёти аниқланди. Бу ҳақда бугун, 26 декабрь куни тан олинмаган давлат Мудофаа вазирлигига таяниб DW маълум қилди.
Унга кўра, 47 та самолёт Тайван бўғозидаги ўрта чизиқни кесиб ўтиб, Тайван ҳаво мудофаасини аниқлаш зонаси (Адиз)га етиб келган. Департамент, шунингдек, орол яқинида Хитой ҳарбий-денгиз кучларининг еттита кемаси қайд этилгани ҳақида хабар берган.
Бир кун олдин Пекин Тайван яқинидаги денгиз ва ҳаво ҳудудида ҳарбий машғулотлар ўтказди. Унда зарбалар тайёрлаш бўйича машғулотлар бўлиб ўтган.
Тайван Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, орол ҳудудида ХХРнинг саккизта самолёти ва учта кемаси кўринган. Сўнгги пайтларда тан олинмаган давлат ҳокимияти бундай фоллик ҳақида ҳафтада бир неча марта хабар қилмоқда.
Пекин бу манёврлар “АҚШ ва Тайван расмийларининг кучайиб бораётган тил бириктириши ва провокациясига ҳал қилувчи жавоб”, деб изоҳ берди. Тайбэй, ўз навбатида, Хитой “минтақадаги тинчликни йўқ қилиш ниятида ва Тайван халқини қўрқитишга ҳаракат қилмоқда”, деб маълумот берди.
Хитой Тайванни ХХР таркибига кирувчи исёнкор провинция деб билади. Тайван мустақиллигини жаҳон ҳамжамиятининг аксарият аъзолари, шу жумладан, АҚШ ва Россия ҳам тан олмайди.
Шу билан бирга, 23 миллион тайванлик узоқ вақтдан бери ўзини мустақил, деб ҳисоблаб келади. Хитой ва Тайван ўртасидаги кескинлик сўнгги пайтларда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси, америкалик конгрессменлар ва бошқа давлатлар, жумладан Германия вакилларининг ушбу оролга ташрифидан сўнг кучайган. Хитой Тайбэй раҳбариятига босимни кучайтириш учун Тайван ҳудудида ҳарбий фаолиятни кенгайтириш орқали жавоб берди.
Октябрь ойида Хитой раҳбари Си Цзиньпин Тайванга ҳарбий куч билан таҳдид қилган эди.
“Хитой раҳбарияти барча зарур чораларни кўриш имкониятини ўзида сақлаб қолади”, деган у Хитой Коммунистик партияси қурултойида.
Шу билан бирга, Си Цзиньпин ҳарбий куч ишлатиш таҳдиди “Тайван аҳолиси”га қарши эмас, балки чет эл аралашуви ва мустақиллик тарафдорларининг “озгина сонига” қарши қаратилганини таъкидлаган.
Бунга жавобан Тайбэй орол суверенитетдан воз кечмаслигини, эркинлик ва демократия масалаларида муросага келмаслигини айтган.
Соҳиба Комиловна