ХВЖ Украинага 1,4 миллиард долларлик фавқулодда ёрдам беришга рози бўлди
Олам
−
10 Март 2022
4251Халқаро валюта жамғармаси директорлар кенгаши Украина учун 1,4 миллиард доллар миқдорида фавқулодда молиялаштириш ажратишни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда ХВЖ матбуот хизматига таяниб, “Украинская правда” хабар бермоқда.
ХВЖ директори Кристалина Георгиеванинг айтишича, “Украина ҳукуматининг фавқулодда вазиятларга сиёсий муносабати таъсирли бўлган”, хусусан, валюта захираларининг мавжудлигини сақлаш ва валюта курси ноаниқлигини камайтириш чора-тадбирлари бўйича. Георгиева, шунингдек, Украина барча қарз мажбуриятларини бажарганини таъкидлаган.
“Уруш тугагач ва етказилган зарарни тўғри баҳолаш мумкин бўлса, қайта тикланиш ишларини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча катта ёрдам керак бўлади”, дейди у.
Қайд этилишича, Украина “The Rapid Financing Instrument” доирасида маблағ олади.
Бу тўлов балансининг шошилинч эҳтиёжларига, хусусан, ҳарбий можаролар оқибатида юзага келган мамлакатларга молиявий ёрдамдан тез фойдаланиш имконини беради.
Аввалроқ Украина миллий банки ушбу восита иқтисодий ислоҳотлар дастурини амалга оширишнинг иложи бўлмаганда жорий этилишини тушунтирган эди. Шу билан бирга, ХВЖ билан унинг тўлов баланси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш мажбурияти сақланиб қолмоқда.
ХВЖнинг таъкидлашича, тўлов "қисқа муддатда муҳим ёрдам беради ва бошқа ҳамкорларни молиялаштириш учун катализатор бўлиб хизмат қилади".
“The Rapid Financing Instrument”нинг максимал миқдори йилига мамлакатнинг ХВЖдаги квотасининг 50 фоизи билан чекланган, яъни Украина учун максимал миқдор 1,4 миллиард долларни ташкил этган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси