Хавотирли Деҳли (фотогалерея)
Олам
−
26 Февраль 2020
12469Сўнгги кунларда Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида юзага келган тартибсизликлар оқибатида 20 киши ҳалок бўлди, 190 киши эса жабрланди. Мамлакатда ушбу ҳодисалар фуқаролик тўғрисида янги қонун қабул қилинганидан сўнг бошланди. Бу ҳақида бугун, 26 февраль куни қатор Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари ёзмоқда.
“Шифохонага олиб борилганларнинг 189 нафари турли даражада жароҳат олганлиги аниқланди, 20 киши эса вафот этди” деди Деҳлидаги Guru Teg Bahadur шифохонаси бош шифокори.
Деҳли бош вазири Арвинд Кеджривал шаҳардаги вазиятни “хавотирли” деб атади ва вазиятни барқарорлаштириш учун ҳарбийлар кўмаги зарурлигини таъкидлади.
“Полиция, барча уринишларга қарамай, вазиятни назорат қила олмаяпти. Қуролли кучларни чақириб, тартибсизликлар вақтида зарар кўрган ҳудудларда зудлик билан комендантлик соати жорий этиш керак", деб ёзади Кеджривал Twitter’даги саҳифасида.
Бугун, 26 февраль куни эрталаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш кучлари энг кўп зарар кўрган ҳудудларда ишга киришди.
ОAВ хабарларига кўра, 500 кишилик гуруҳ Aшок-Нагар ҳудудидаги масжид эшикларини синдириб, ёқиб юборган. Кечқурун яна бир кичик масжид ва маҳаллий бозорда мусулмон дўконлари ёқиб юборилди. Туман фуқаросининг сўзларига кўра, гуруҳ уч соатдан кўпроқ вақт давомида ҳинд миллатчиларининг шиорларини айтиб бақирганча, масжидни вайрон қилган.
Деҳлининг шимоли-шарқидаги тартибсизликлар 23 февраль куни бошланиб, 24 февраль куни кескин тус олди.
Фуқаролик тўғрисида зиддиятли қонун
ОAВ хабарларига кўра, фуқаролик тўғрисидаги янги қонундан норози бўлган мамлакатнинг етакчи партияларидан бири "Бхаратия Жаната Парти"нинг раҳбари Капил Мишра мусулмонларга қарши чиқди. У Деҳлининг шимоли-шарқидаги йўлларни тўсиб, мусулмонларга қарши куч ишлатиш тўғрисидаги буйруқ берди.
Фуқаролик тўғрисидаги янги қонун қўшни мамлакатлардан келган насронийларга, ҳиндуларга ва бошқа диний озчилик вакилларига Ҳиндистон фуқаролигини беришни назарда тутади. Бунинг учун улар ўз юртларида диний сабабларга кўра, таъқиб этилаётганликларини исботлашларига тўғри келади. Ушбу қонун мусулмон аҳолиси кўп бўлган давлатлар - Бангладеш, Покистон ва Aфғонистон фуқароларига нисбатан қўлланилиши назарда тутилган. Ушбу қонунда мусулмонлар назарда тутилмаган.
Оқибатда, қонун танқидчилари Бош вазир Нарендра Моди ҳукуматини Ҳиндистоннинг 200 миллион мусулмондан иборат исломий жамиятини ижтимоий ҳаётдан четлаштиришда айблашди ва қонунни мамлакат конституциясини бузиш деб аташди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь