Харьковнинг руслардан озод қилинган қисмида 500 ортиқ жасад топилди
Олам
−
06 Октябрь 2022
8525Украинанинг Харьков вилоятининг Россиядан озод қилинган қисмида рус аскарлари томонидан ўлдирилган 534 нафар тинч аҳолининг жасади топилди. Бу ҳақда Харьков вилояти миллий полицияси бош бошқармаси тергов бошқармаси бошлиғи Сергей Болвинов онлайн брифингда маълум қилди.
“Афсуски, биз босиб олинган ҳудудларда 534 нафар тинч аҳолининг жасадларини топдик. Улардан 226 нафари аёллар, 260 нафари эркаклар, 19 нафари болалар ва 29 нафар жасаднинг жинси аниқланмаган”, дейди Болвинов.
Унинг айтишича, бунда Изюм шаҳридаги оммавий қабр инобатга олинган, у ерда 447 кишининг жасади топилган.
Унга кўра, вилоятнинг босқиндан озод этилган қисмидан россиялик аскарларнинг 22 та қийноққа солиш жойлари аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил сентябрь ойи бошида Украина ҳарбийларининг Харьков вилоятида қарши ҳужумга ўтиши натижасида руслар назоратидаги Балаклея, Изюм, Купянск каби шаҳарлар ва кўплаб бошқа аҳоли пунктлари озод қилинди. Баъзи ҳудудларда украина ҳарбийлари Россия чегарасигача етиб борди.
Изюмдаги оммавий қабр
Жорий йилнинг сентябрь ойи ўрталарида Президенти Владимир Зеленский Россия Изюмда ҳам Бучада қилганларини такрорлагани, шаҳардан оммавий қабрлар топилганини айтиб чиқди.
23 сентябрга келиб, Миллий полиция Бош бошқармаси тергов бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Сергей Пантелеев эксгумация (жасад қолдиқларини қабрдан олиб ташлаш – таҳр.) жараёни якунига етаётганини, полиция оммавий қабрдан 427 нафар украиналик жасадини олиб чиққанини айтди. Уларнинг 202 нафари аёллар, 189 нафари эркаклар ва 5 нафари болалар жасади. Шунингдек, ушбу шаҳардаги оммавий қабрдан 21 нафар украиналик ҳарбий хизматчиларнинг жасади топилган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15