“Ханституция ўтмайди” – Қирғизистонда Конституцияни ўзгартиришга қарши намойиш бўлиб ўтди
Жамият
−
23 Ноябрь 2020
6532Кеча, 22 ноябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда мамлакат Конституциясига киритилаётган ўзгартиришларга қарши намойиш ва марш (юриш) бўлиб ўтди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
100 дан ортиқ одам Эркинлик ва Туголбай Ата кўчаси кесишмасидаги темир йўл вокзали олдида тўпланган.
Одамларнинг юриши ўша темир йўл вокзалидан бошланиб, Ала-Тоо майдонигача давом этди.
Намойишчилар Ала-Тоо майдонидаги Манас ҳайкалигача боришди. Улар қўлларида ёрлиқлар кўтариб, Конституцияга ўзгартириш киритмасликни талаб қилди. Уларнинг қўлидаги плакатларда “Садир Жапаров кетсин, Конституция қолсин”, “Ханституция ўтмайди” деган ёзувлар ёзилганди.
Кейин Модератор Улан Усоюн одамлардан тарқалишни сўради. Унинг сўзларига кўра, агар ҳеч қандай натижа бўлмаса, улар яна намойишга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Конституциясига киритилаётган ўзгаришларга мувофиқ мамлакат президентлик бошқарувига ўтади. Давлат бошқарувида Президентга катта ваколатлар берилади. Лойиҳада яна кўплаб ўзгаришлар назарда тутилган.
Маълумот учун, 1991-2010 йиларда Қирғизистонда бошқарувнинг президентлик шакли амал қилган. Аммо иккита халқ инқилобидан кейин 2010 йилда мамлакатда конституцион ислоҳот ўтказилиб, бошқарувнинг парламент тизими танланган.
4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари ўтказилди. Аммо одамлар унинг натижасидан норози бўлиб, намойиш уюштирди, мамлакатда тартибсизлик ва талончилик авж олди.
Намойишлар оқибатида мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов ва Президент Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиқди.
Талотўплар вақтида қамоқдан чиқарилган Садир Жапаров тез орада Бош вазир этиб тайинланди ва кейинроқ Президент ваколатларини бажариш ҳам вақтинча унга ўтди. Бироқ у президентлик сайловларида қатнашиш учун барча лавозимларни тарк этди.
LiveБарчаси