Халоскор кураш, боксдан “сюрприз”
Спорт
−
01 Октябрь 2023
737530 сентябрь кунги дастурда Ўзбекистонга 3 та олтин ва 1 та кумуш медални кураш спорт тури вакиллари келтирди.
-66 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Артём Штурбабин чемпионликни қўлга киритди. У финалда эронлик Мажид Бариманлоуни доғда қолдирди.
Аёллар ўртасида -52 кг вазн тоифасининг финал беллашувида Ўзбекистон терма жамоасининг икки нафар вакили ўзаро тўқнаш келди. Қизиқарли баҳс Ҳилола Ортиқбоеванинг ғалабаси билан якунланди. Ситора Элмуродова эса мусобақанинг кумуш медалга сазовор бўлди.
Юбилей олтин медални Муҳсин Ҳисомиддинов делегация ҳисобига ёздириб қўйди. Муҳсин Ҳисомиддинов иккинчи бор Осиё ўйинлари ғолиблигини қўлга киритди. Полвон финалда туркманистонлик Тежен Теженовдан устун келиб, олтин медалга сазовор бўлди. Бу Ўзбекистоб делегацияди учун мазкур Осиё ўйинларидаги ўнинчи олтин медаль ҳисобланади.
Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси делегация ҳисобига дастлабки медални тақдим қилди. Унга Суҳроб Хўжаев муаллифлик қилди. Босқон улоқтириш секторида қатнашган Хўжаев 70.79 метр натижа қайд этди. Ушбу дастурда олтин ва кумуш медаллари Хитой ва Қатар вакилларига насиб этди.
Мидори Хонда бошчилигидаги футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси илк бор қатнашаётган Осиё ўйинларида ярим финалга йўл олди. Хитой Таипейига қарши кечган чорак финалнинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди. Қўшимча таймларда захирадан майдонга тушган Умида Зоированинг голи ўзбекистонлик қизларга муҳим ғалабани келтирди.
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдумалик Халоков чорак финал масаласини ижобий ҳал қилди. Саралашнинг иккинчи босқичида вьетнамлик Дуонг Нгуен билан жанг қилган Халоков 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Унинг кейинги босқичдаги рақиби Карло Палам бўлади.
-71 кг вазн тоифасининг қуръаси икки жаҳон чемпионларини чорак финалда ўзаро тўқнаш келтирди. Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳамда қозоғистонлик Асланбек Шимбергенов ўртасидаги баҳс рақиб спортчининг ғалабаси билан якунига етди.
Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалолов Осиё ўйинларидаги иштирокини муваффақиятли бошлади. Чорак финалдан баҳсларга қўшилган Жалолов тожикистонлик Муҳаммад Аброриддиновни катта устунлик билан доғда қолдирди. Баҳодирнинг кучли зарбаларидан кейин ҳакам 2-раундда баҳсни тўхтатди ва унинг ғалабасини қайд этди.
Аёллар ўртасидаги баҳсларда Нигина Ўктамова Осиё ўйинларининг ярим финалига йўл олди. У 54 кг вазн тоифасида ушбу босқичга йўл олиш билан бирга Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасига ҳам эга чиқди. Ўктамова шиддатли руҳда кечган чорак финал жангида япониялик Ринка Киношитадан устун келди.
Осиё ўйинларида медаллар жамғариш бўйича куннинг ўртасига келиб 4-ўринга қайтган Ўзбекистон делегацияси, кун якунида 5-ўринга тушди. Чунки Ҳиндистон вакиллари ҳам Ўзбекистон вакиллари каби ўнинчи олтин медални қўлга киритди. Кумуш ва бронза медаллари кўплиги эвазига Ҳиндистон 4-ўринда бормоқда.
LiveБарчаси