Халқ таълими вазирлиги коррупцияда ота-оналарни айблади

Интервью

Таълим тизимида коррупцион ҳолатлар содир этилаётганига ота-оналарнинг ўзи ҳам айбдор. Бу ҳақда жорий йилнинг 6 май куни бўлиб ўтган Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг йиғилишида Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев сўз очди.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг жорий йил апрель ойида тақдим этган ҳисоботларига кўра, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизимлари энг коррупциялашган соҳалар қаторида пешқадам бўлиб турибди.  

Кенгаш раиси Танзила Норбоевага кўра, Судларга юборилган жиноят ишларининг ҳар  учтадан биттаси соғлиқни сақлаш, таълим ва банк тизими ходимлари томонидан содир этилган.

Сенатда бўлиб ўтган йиғилишда QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосарига “Ҳозирги кунда коррупцион ҳолатлар кўпроқ вазирлик ва унинг қуйи бўғинларида содир этиляптими ёки мактабларда?”, дея савол билан юзланди. Вазир ўринбосари қуйидагича мужмал жавоб берди:

“Учинчи вариантни ҳам айтсам бўладими? Афсуски, коррупция одамларнинг онгида. 

Биласизми, охирги уч-тўрт йил ичида коррупцияни олдини олиш масаласида жуда кўп иш қилинди. Икки-уч йил олдин аниқланган, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эълон қиладиган тизимдаги бошқа суммаларни ўзлаштиришлар, бир неча юзлаб, минглаб, деган суммаларни пресс-конференцияларда айтишган. Тўғри, бир сўм ўғирлик ҳам ўғирлик. Унинг динамикасини назорат қиладиган бўлсак, у пасайиб бормоқда. Ваколатим йўқ-ку, лекин мен аниқ айта олмайман. Балки, беш-ўн йил олдин бу рақамлар бундан баттар бўлгандир. Статистика, очиқлик бўлмаган. Шунинг учун  коррупциянинг ҳолатига қарши курашиш фақат вазирлик ёки ОАВда эмас. Афсуски, энг оддий коррупция пастдан бошланади”, дейди Шарифхўжаев.

Шунингдек, у сўзи давомида бугунги кунда мактабларда содир этилаётган коррупцион ҳолатларда нафақат ўқитувчиларнинг балки ота-оналарнинг ҳам ташаббуси бор эканини таъкидлади.  

“Мактабда ота-оналарнинг ташаббуси бор. Куни кеча битта ОАВ бу ҳақда [маълумот] юборган. Уни кўтарсак, мактабнинг умуман хабари йўқ ота-оналар пул йиғишяпти. “Пул йиғманглар, ундай иш қилманглар”, дейилса ҳам. Тўғри, “қилмагин”, деган гап – фақат гап. Бунга тизимлар ишлаб чиқиш керак. Тизимни ўзлаштириш, ўғирлик бўлмаслиги учун электронлаштириш масаласи бор. Ўша тоифа имтиҳонларини тўлиқ инспекция олиб бормоқда. У шаффоф ўтмоқда. “Кимдир қаердадир кимгадир пул берди, коррупция”, деган фикр бўлиши мумкин. Лекин бу гапда.  Олий таълим муассасасига киришда кўриш мумкин. Кўчада кимдир ваъда беради, ҳал қиладими, йўқми бунга ҳеч ким ваколат бера олмайди. Демак, аниқлаштирмагунча, аниқ айта олмаймиз. Тизим анча тозаланаётганини кўряпмиз. Лекин, бу тепада ёки пастда бўляптими, деган саволга мен аниқ жавоб бера олмайман. Ҳар битта босқичда, коррупцияга қарши курашиш эмас, коррупцияга йўл қўймасликни ҳаётий бир шиор қилиб олсак, шунда коррупция йўқ бўлади, деб ўйлайман”, дейди у. 

Шу ўринда журналист Нажмиддинова “Ўқитувчилар текширувчилар келиши олдидан мактабга гул экиш ёки бошқа-бошқа харажат учун коррупцияга қўл ураётгандир”, деган масалани кўтарди. Шарифхўжаев қуйидагича изоҳ берди:

“Албатта, ўқитувчилар қаердадир мажбурлигидан қилаётган бўлиши мумкин. Мен буни айта олмайман. Кимдир атайлаб керакмас харажатни эълон қилаётгандир. Лекин қачондир “Йўқ, биз бу пулни бермаймиз”, дейдиган ота-она бўлмагунча, фақатгина ўқитувчи айбдор, дея олмаймиз. Аксарият ҳолатларда ота-оналарнинг ўзидан ҳам ташаббус чиқишини билиб турибмиз. Яқинда халқ таълими тизимига келганимга икки йил бўлади. Кечирасиз-у, шу вақт мобайнида Халқ таълими вазирлиги деярли текширувларни ўтказмади. Бу текширувлар бўлса ҳам сенаторлар, депутатлар билан бўлди. Масалан, ҳозир Самарқандда қонунчилик палатаси депутатлари Самарқанд вилоятини ўрганишмоқда. У текширув эмас, ўрганиш. Лекин қандайдир текширувлардан қўрқув ҳали ҳам одамларда борки, шу баҳонада кимдир қандайдир пул йиғимларини ташкил қилаётган бўлиши мумкин. Мен сизга уни йўқ, дея олмайман. Чунки ҳозир сиз ҳам, мен ҳам реал мисол келтиришимиз мумкин. Бу билан курашиш бизнинг ишимиз ва фақатгина коррупцияга йўл қўймаслик эмас, унинг олдини олиш. Лекин жазолаш халқ таълимининг вазифаси эмас, ваколатли органларнинг вазифаси”, дейди Усмон Шарифхўжаев.

Эслатиб ўтамиз, жорий ойда Сурхондарёдаги мактаб директори ўринбосари ўқувчиларнинг ота-оналари тўлаган 207,7 миллион сўм бадал пулини ўзлаштиргани аниқлан эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коррупция Таълим тизими

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг