Халқимиз коррупция ишини кўрса анқайиб турибди – Каримовнинг “рақиби”

Интервью 16366

2019 йилнинг 22 декабри Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Кеча, 20 сентябрь куни Ўзбекистонда расман Сайлов кампаниясига старт берилди. QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова ушбу тадбирда иштирок этиб,  “Адолат” СДП  Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаровнинг навбатдаги сайлов борасида фикрлари билан қизиқди. 

“Бу йилги сайлов Сайлов кодекси асосида биринчи марта ўтяпти. Албатта, бу ерда ҳар бир сиёсий партиянинг қиладиган ишлари, сайловни ўтказиш бўйича нормалар белгиланган. Биз ишонамизки, янги кодекс асосида шаффофликни таъминлашга ҳаракат қиламиз. Энг асосий масала шундаки, ҳар бир фикримизни, сайловолди дастуримиздаги белгиланган вазифаларимизни халққа етказишга кўпроқ интилишимиз керак. Яъни очиқ мулоқотга чиқишимиз керак”, дейди Наримон Умаров.

Сайловларда биринчи марта бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари суриш ҳуқуқига эга. Булар  – “Миллий тикланиш” демократик партияси, Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Экологик партияси.
Сайловларда 20 миллиондан ортиқ сайловчи, шулардан икки миллондан зиёд ёшлар илк бор,  овоз беради. 

Наримон Умаров  QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда “Адолат”чилар одамларни қандай ишонтирмоқчи эканига ҳам тўхталди:

“Аниқ белгиланган вазифаларни ўртага ташласак, умумий шиорлардан қочсак, халқ бизга ишонади. Жуда катта режаларимиз бор. Таълим, суд-ҳуқуқ тизимида ўзгаришлар, коррупцияга қарши кураш шулар жумласидан. Агар кўпроқ овоз олсак, коррупцияга қарши курашни жонлантирамиз. Бунда биз ҳар бир фуқарони шу иллатга қарши курашишда рағбатлантиришимиз керак. Четда кузатувчи бўлиб, қўшнимнинг муаммоси, меники эмас, деб туриши ярамайди.

Афсуски, халқимиз коррупция ишини кўрса анқайиб турибди. Буни биз рағбатлантиришимиз учун қонунга механизмлар киритишимиз керак. Биз юристлар, судьялар, адвокатлар билан жуда яхши ишлаяпмиз. Уларни эксперт сифатида олиб, шу муаммоларни қандай механизмлар билан ечиш масалалари устида ишлаяпмиз. Ўйлаймизки, албатта, бунинг ҳам ечими бор”. 

Наримон Умаров кўп йиллик тажрибага эга сиёсатчи. У 2015 йилда Ўзбекистонда ўтган Президент сайловида мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга рақиб бўлганди. Ўшанда Умаров 389 минг 24 та ёки 2,05 фоиз овоз тўплаган. 

2016 йилда ўтган Президент сайловида эса Наримон Умаровга 619 минг 972 нафар ёки сайловчиларнинг 3,46 фоизи овоз берди.

Умаров бу йилга сайловлар ҳақида фикрини давом эттириб қуйидагиларни қўшимча қилди: 

“Таълим, соғлиқни сақлаш тизимида, илм-фан соҳасида, ёшларга, аёлларга эътибор масаласида  алоҳида режаларимиз бор. Шу масалаларни халқнинг қаршисига олиб чиқсак, улар бизга ишонади. 

Шаффофлик ва очиқлик. Марказий сайлов комиссияси ҳам олдимизга шу вазифаларни қўймоқда. Биз унинг очиқ бўлишига ҳаракат қиламиз. Ҳар битта сайлов участкасида кузатувчимиз бўлади. Бу жараёнларни биз ҳам кузатиб борамиз. Албатта, мониторинг қилиб борамиз. 14 та вилоятда штабларимиз, ваколатли вакилларимиз бор”. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 168
Рейтинг: 3.9
t
×
×