Халқаро мусобақалар ғолиб-спортчиларини ОТМга бепул қабул қиламиз – Президент

Жамият

image

Спорт турлари бўйича халқаро мусобақалар ғолиблари Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига бепул қабул қилинади. Бу ҳақда кеча, 4 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарликни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз борган. 

Давлат раҳбари ушбу йиғилишда 2020 йил Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпиада ўйинларига тайёргарлик қониқарсиз эканини алоҳида таъкидлаган. 

“Токио Олимпиадасига жуда оз қолди. Бизда бўлган таҳлил, тайёргарлимиз умуман қониқарсиз. Бу мажлисдан хулоса қилиб, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир тармоқ, ҳар бир йўналиш бўйича ҳар бир федерация бўйича алоҳида қарор қабул қиламиз. Ҳар бир федерациянинг ўз базаси бўлиши керак. Албатта, федерацияларнинг ҳудудларда таянч базалари бўлмаса, биз айтган натижаларга эришиб бўлмайди”, дейди Мирзиёев. 

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида давом этаркан, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитасининг таклифини қўллаб-қувватлади. 

“Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳам Миллий Олимпия қўмитасининг қўшма тавсияси асосида ҳар бир ОТМга ҳар йили 10 тадан 20 тагача халқаро мусобақа ғолиблари бўлган ёшларни қўшимча квота бўйича бепул ўқишга қабул қилиш тартибини жорий қиламиз. 

Улар фақат спортчи бўлгани учун, шу спорт маҳоратини юқори даражада эгалласа, Президент қарори чиқади, ҳамма олийгоҳда ҳар йили қабул қиламиз. Футбол бўйича, баскетбол бўйича, валейбол бўйича, от спорти бўйича ва ҳоказо, ҳамма олийгоҳларда шундай бўлади. Бутун халқимизга эълон қилишимиз керакки, спортни ривожлантириш стратегик йўналиш. Бу бизнинг Олимпия захирамиз бўлади. Бу болалар эртага ўзининг маҳоратини ошириб, мотивация бўлади ва натижа мутлақо бошқача бўлади”, деган Президент. 

Давлат раҳбари маҳаллий спорт мусобақалари ва Жаҳон чемпионати, Осиё Олимпиадаси Универсиада ўйинлари ғолиб-спортчиларининг ўқитувчи ва мураббийларининг обрў-эътиборини кўтариш, уларга илмий даражалар бериш масаласига ҳам тўхталган. 

“Вилоят ва шаҳар босқичи ғолиб-спортчиларнинг ўқитувчи ва мураббийларига катта ўқитувчи, республика босқичи ғолиб-спортчиларнинг ўқитувчи ва мураббийларига доцент Жаҳон чемпионати, Осиё Олимпиадаси ва Универсиада ўйинлари ғолиб-спортчиларининг ўқитувчи ва мураббийларига профессор илмий унвонини бериш лозим. Бу домлалар учун мотивация”, дейди Президент. 


Мақола муаллифи

Теглар

МОҚ Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг