Халқаро қидирувдаги қозоғистонлик “замҳоким” Ўзбекистонда ушлангани айтилмоқда
Олам
−
15 Февраль
10761Халқаро қидирувда бўлган Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри собиқ ҳоким ўринбосари Тимур Садвакасов Ўзбекистонда қўлга олинди. Бу ҳақда қозоғистонлик журналист Михаил Козачков ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унга кўра, собиқ амалдор аввал Қозоғистон-Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган, сўнг Ўзбекистонга яширинча кирган. Бу ерда эса чегара хизмати томонидан қўлга олинган.
Ҳозирча Қозоғистон расмийлари бу маълумотни тасдиқламаган. Ватанида у коррупцияга оид жиноятларда гумон қилинмоқда. Айбловлар Шимолий Қозоғистон вилоятидаги “Обуховское” нодир ер металлари конини қураётган “Тиолайн” МЧЖ фаолияти билан боғлиқ. Терговга кўра, ушбу корхона акциядорларидан бири – Виктор Долгалев ноқонуний тадбиркорлик ва ер ости бойликларидан ўзбошимчалик билан фойдаланиш каби қонунбузарликларга йўл қўйган бўлиши мумкин.
“Ҳақиқатан ҳам суд томонидан Қозоғистон Республикаси фуқароси Тимур Хабдуллаевич Садвакосов (06.05.1983 й. т.) қидирувга берилган. У фирибгарлик ва айниқса йирик миқдордаги пора беришга ундашда гумон қилинмоқда. Ушбу пора жиноий иш қўзғатиш масаласини ижобий ҳал қилиш мақсадида мансабдор шахсларга таклиф қилинган”, дейилади Қозоғистон Молия мониторинги агентлиги хабарида.
Аввалроқ судьялар ҳайъати Долгалевни оқлаган, бироқ кейинчалик суд қарори бекор қилиниб, иш бошқа ҳудудда қайта кўриб чиқиш учун юборилган. Тергов маълумотларига кўра, тадбиркор муаммоларни фақат ҳуқуқий йўл билан ҳал қилмаган, балки амалдорларнинг ёрдамидан фойдаланган, жумладан, Садвакасов орқали. Собиқ амалдор фирибгарлик ва пора беришга ундашда айбланмоқда.
Қочишга уринган Садвакосов энди икки давлатда ҳам қамоққа тушиши мумкин – Қозоғистонда коррупцияга оид жиноятлар учун, Ўзбекистонда эса чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги “Жайсан” темирйўл назорат-ўтказиш нуқтасида халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган эди. У Молдова ИИВ ҳузуридаги Интерпол Миллий марказий бюроси томонидан ноқонуний наркотик моддаларни ташиш айби билан қидирувда бўлган.
LiveБарчаси