“Халқ – ҳокимият”. Минглаб украиналиклар Фёдоров учун намойиш ўтказди
Олам
−
01 август 4962 3 дақиқа
Кеча, 31 июль куни Киев марказида минглаб украиналиклар намойишга чиқиб, Президент Владимир Зеленскийдан собиқ мудофаа вазири Михайло Фёдоровни лавозимига қайтаришни талаб қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Михайло Фёдоров жорий йилнинг январь ойида Украина мудофаа вазири этиб тайинланган эди. Бироқ июль ойи ўрталарида ҳукуматдаги кутилмаган ва сабаблари етарлича изоҳланмаган кадрлар алмашинуви доирасида у лавозимидан озод қилинди.
Қайд этилишича, шундан буён украиналиклар Президент администрацияси биноси яқинида мунтазам намойишлар ўтказиб, Фёдоровни ўз лавозимига қайтаришни талаб қилмоқда. Фёдоров эса ўзига таклиф қилинган бошқа давлат лавозимларини қабул қилмаслигини билдириб, фақат Мудофаа вазири сифатида ишлашни истаётганини маълум қилган.
Намойиш иштирокчиларидан бири, IT соҳасида ишловчи 40 ёшли Александрнинг айтишича, одамларни қарорнинг сабаблари очиқ тушунтирилмагани норози қилмоқда.
Дастлаб, Зеленский Фёдоровни ўша пайтдаги Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Олександр Сирский билан жиддий келишмовчилик сабаб лавозимидан олганини айтган. Бироқ жамоатчилик босими ортидан Сирский ҳам орадан бир ҳафта ўтиб вазифасидан озод этилган.
Кейинчалик Фёдоров мудофаа тизимидаги эҳтимолий коррупцияга қарши курашгани сабаб лавозимидан четлатилгани ҳақидаги тахминлар пайдо бўлган. Фёдоров яқинда берган интервьюсида бу тахминларга ишора қилган бўлса-да, тафсилотларни очиқламаган.
Кеча, 31 июль куни намойишчилар Президент эътиборини тортиш мақсадида Киевнинг тарихий маркази бўйлаб юриш қилиб, пойтахтнинг марказий кўчаси – Хрешатикка чиққан. Айрим намойишчилар Россияга қарши урушда ғалаба қозониш учун армияни технологик модернизация қилиш муҳимлигини таъкидлаган. Уларнинг фикрича, айнан Фёдоров бу ислоҳотларнинг асосий ташаббускорларидан бири бўлган.
Фёдоровнинг истеъфоси Украина Россия ҳарбий ва энергетика объектларига чуқур зарбаларни кучайтириб, фронтда муваффақиятлар қайд этаётган даврга тўғри келган.
Ҳозирча Зеленский ўз қарорини бекор қилиш ниятида эмас. У Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Евгений Хмарани Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинлаган. Украина қонунчилигига кўра, Мудофаа вазири лавозими фуқаролик лавозими ҳисобланади.
Киевдаги Европа сиёсати институти директори Маттео Мекаччининг фикрича, янги олий ҳарбий қўмондон этиб Михайло Драпатийнинг тайинланиши айрим украиналикларнинг ишончини тиклаши мумкин, бироқ бу инқирозни тўлиқ бартараф этмайди.
Намойиш ташкилотчиси, уруш фахрийси Дмитро Козятинский эса Зеленский Фёдоровга мудофаа соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш учун камида бир йил имконият бериши, шундан кейингина унинг фаолиятига баҳо бериши кераклигини айтган.
Намойишчилар “Халқ – ҳокимият” дея шиорлар айтиб, ҳукумат уларнинг талабини бажармагунча норозилик акцияларини давом эттиришларини билдирган. 38 ёшли тадбиркор Иринанинг сўзларига кўра, улар ортга чекинмоқчи эмас.
“Биз шошилмаяпмиз. Биз шу ердамиз ва қоламиз. Бизда бошқа танлов йўқ”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Зеленский Мудофаа вазирлиги ва Украина Қуролли кучлари раҳбарияти билан Россиянинг ҳаво ҳужумлари оқибатлари, фронт чизиғидаги вазият ҳамда денгиз экспорт йўлаги фаолиятини муҳокама қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси