Хакерлар дунёдаги энг йирик пароллар менежерини бузиб кирди
Технология
−
223 2 дақиқа
Дунёдаги энг йирик паролларни бошқариш менежери – 1Password хакерлик ҳужумига учради. Бу ҳақда платформани ишлаб чиқувчи компания маълум қилди.
Қайд этилишича, бузиб кириш ҳолати жорий йилнинг 19 ноябрь куни аниқланган. Хакерлар ходимлардан бирининг GitHub’даги корпоратив аккаунтига кириш ҳуқуқини қўлга киритган ва унинг ёрдамида ички хизматларга зарарли код жойлаштирган. Оқибатда жиноятчилар фойдаланувчиларнинг ҳисоб қайдномаларига оид маълумотларнинг бир қисмига, хусусан, тизимга кириш учун зарур бўлган исмлар ва электрон почта манзилларига эга бўлган.
Компания пароллар сақланадиган асосий омборнинг ўзи бузилмаганини алоҳида таъкидлаган. 1Password ушбу ҳодиса қанча фойдаланувчига таъсир қилганига аниқлик киритмаган. Бузилган GitHub аккаунти блокланган. Шунингдек, платформа таклифнома хатлари ва киришни тиклаш хатларида қўлланиладиган кодлар узунлигини олтитадан ўнта белгигача оширган. Фойдаланувчиларга гўёки 1Password номидан юбориладиган фишинг ҳужумларидан – электрон хатлар ёки СМС-хабарномалардан эҳтиёт бўлиш тавсия этилган.
Компания, шунингдек, платформа парол ёки махфий калитни сўраш учун ҳеч қачон мижозлар билан боғланмаслигини эслатиб ўтган. Содир бўлган воқеа муносабати билан ҳеч қандай янгиланишлар режалаштирилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Федерал қидирув бюроси мамлакат бўйлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фойдаланадиган жиноятчиликка оид маълумотлар базасига хакерлар кирган бўлиши мумкинлигини текшираётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси