Келаси ҳафта Япониянинг янги бош вазири сайланади

Олам

image
Японияда илк бор аёл киши бош вазир бўлиши мумкин north_east

Японияда илк бор аёл киши бош вазир бўлиши мумкин

Япония Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ёсимаса Хаяси парламент палаталари фаолиятини тартибга солиш бўйича қўмитага берган маълумотига кўра, янги бош вазир номзоди бўйича овоз бериш 21 октябрь куни парламентнинг қуйи палатасида ўтказилади. Бу ҳақда “Тhe Mainichi” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, ҳукмрон Либерал-демократик партия (ЛДП) ҳозирда ўзининг янги сайланган раиси Санаэ Такаити номзодини бош вазир лавозимига илгари суриш арафасида якуний тайёргарликларни олиб бормоқда. Шу билан бирга, мухолифат партиялари ҳам ягона номзод бўйича келишувга эришиш учун фаол музокаралар олиб бормоқда. Агар улар бунга муваффақ бўлса, 2012 йилдан бери ҳокимиятни қўлида ушлаб турган ЛДПдан ҳокимиятни тортиб олиш имконига эга бўлади.

Сўнгги йиллардаги сиёсий беқарорлик ЛДП бошчилигидаги ҳукмрон коалициянинг парчаланишидан сўнг янада кучайди. Коалициядан “Комэйто” партиясининг чиқиб кетиши мухолифатга ҳокимият тепасига келиш имконини берди. ЛДП ва “Комэйто” ўртасидаги асосий келишмовчилик ўтган йили юзага чиққан молиявий можаролар билан боғлиқ эди. Ўша пайтда амалдаги бош вазир Сигеру Исиба босими остида ЛДПдан бир нечта таъсирли сиёсатчилар чиқиб кетган эди. Аммо Такаичи уларни қайта партияга олиб кириш ва юқори лавозимларга тайинлаш ниятида эканини билдирган. Бу “Комэйто” раҳбариятига ёқмаган ва улар бундай қарор партиянинг обрўсига путур етказишини айтишган.

Бир қатор сайловлардаги мағлубиятлардан сўнг ЛДП етакчилигидаги блок парламентнинг ҳеч бир палатасида кўпчиликни қўлга кирита олмади. “Комэйто” чиқиб кетгач, ЛДП янада заифлашди. Агар учта йирик мухолифат партияси ягона номзод бўйича келишувга эришса, улар бош вазир сайловида ЛДПдан кўпроқ овозга эга бўлади. Бундай шароитда ЛДП фақат янги коалиция тузишга муваффақ бўлса, Такаичини бош вазир этиб сайлаш имконига эга бўлади. Аммо таҳлилчиларнинг таъкидлашича, аҳолининг ишончини йўқотаётган ЛДП билан ҳамкорлик қилиш кичик партиялар ва мустақил депутатлар орасида катта қизиқиш уйғотмаяпти.

Агар у сайловда ғалаба қозонса, Санаэ Такаичи Япониянинг тарихидаги биринчи аёл бош вазир бўлади. У ўз навбатида, мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашни бош устувор вазифа сифатида белгилашини ва бош вазирликка эришиш учун бор кучини сарфлашини айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Бош вазири ва Либерал-демократик партия етакчиси Сигэру Исиба истеъфога чиқишини эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония Санаэ Такаити Либерал-демократик партия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг