Кечирилмас жиноятлар яна биттага кўпайди – янги қонун лойиҳаси аёллар ва болалар ҳимоясини қанчалик кучайтиради?
Жамият
−
12 Январь 2023
16057Жорий йилнинг 11 январь куни regulation.gov сайтида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ва аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қонунчиликка бир қатор жиддий ўзгартиришлар киритишни кўзда тутади. Қуйида қонун лойиҳаси таклиф этаётган айрим муҳим ўзгаришлар ҳақида маълумот берамиз.
“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда: “Таъқиб этиш” (Stalking) тушунчасига таъриф берилиб, таъқиб этганлик учун ҳам ҳимоя ордери берилиши мумкинлиги белгиланмоқда, бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан 1 йил муддатгача берилиши белгиланмоқда. Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра бундай ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан 30 кун муддатга берилган.
Оила кодексида хорижий давлатга кетаётган ота-она зиммасига ўз болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш чораларини кўриш мажбурияти юклатилмоқда.
“Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда шахснинг ҳаёти ва соғлиғи, эркинлиги, шаъни ва қадр қимматига, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа, Ўзбекистон Республикасига, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятлар учун илгари ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганларга хизмат кўрсатиладиган таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш муассасаларида ишлашлари тақиқланмоқда.
“Давлат божи тўғрисида”ги Қонунда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотинқизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари хотинқизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларга берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан давлат божидан озод қилиниши белгиланмоқда
“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда “зўравонлик”, “жинсий зўравонлик”, “жисмоний зўравонлик”, “руҳий зўравонлик”, “ғамхўрлик кўрсатмаслик” ҳамда “васийлик ва ҳомийлик органи” каби янги тушунчалар киритилмоқда.
Жиноят кодексида:
• ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига тегиш ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирган ёхуд уни жинсий алоқа қилишга мажбур этган ёки фоҳишаликка жалб қилган, вояга етмаган шахс тавсифланган порнографик маҳсулотни тайёрлаган шахсларга нисбатан жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Хусусан, уларга нисбатан:
• жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари қўлланилмайди (амалдаги қонунчиликка кўра ушбу жиноятни содир этганликда айбланиб жазога тортилган шахслар жазо муддатини яримини ўтаб бўлгач жазо енгилроғига алмаштирилиши ва жазо муддатининг учдан икки қисми ўталган тақдирда шартли равишда озод қилиниши мумкин);
Қуйидаги жиноятлар учун жазо чоралари кучайтириш таклиф қилинмоқда:
• аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш учун 30 млн сўмдан 60 млн сўмгача жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари; (амалда 15 млн сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари)
• номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш жинояти учун 1-қисми 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш; 2-қисми 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш; (амалда: 1-қисми 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш; 2-қисми 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш)
• 16 ёшга тўлмаганга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш; (амалда: 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш.)
• шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш жинояти учун 300 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш; (амалда 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари)
• шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик (интим ҳаёт дахлсизлигини бузиш) учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда (141¬¬3-модда), таклифга кўра жиноятчига 120 млн сўмдан 180 млн сўмгача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари; оғирлаштирувчи ҳолатлар (такроран, хавфли рецидивист ёки бир гуруҳ шахслар томонидан ёхуд вояга етмаган шахсга нисбатан) мавжуд бўлганда – 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. (АҚШ, Германия, Япония, Канада каби давлатларда ушбу жиноят учун жавобгарлик қонунчиликда белгиланган.)
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда жамоат жойларида шахсга шилқимлик қилиш, шахсни, унинг қадди-қоматини шаҳвоний мазмунда тасвирлаш, шу мазмундаги сўзлар билан чақириш, изоҳлаш, қиёслаш ёхуд унга нисбатан шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар қилиш учун жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда. Унга кўра ҳуқуқбузарга 600 минг сўмдан 1,2 млн сўмгача жарима қўлланилиши мумкин.
Жавоҳир Эргашев
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15