Каземиро “Юнайтед” футболчисига айланди

Спорт 6722
image

Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби ярим ҳимоячи Карлос Каземиро фаолиятини “Манчестер Юнайтед”да давом эттиради. Бу ҳақда Испаниянинг “El Chiringuito” телевизон дастурида хабар берилган.

Манбага кўра, ярим ҳимоячининг “Реал Мадрид”дан инглиз клубига ўтишининг барча тафсилотлари келишиб олинган. Ушбу трансфер ҳақидаги хабарларни “лос бланкос” устози Карло Анчелотти ҳам тасдиқлаган.

Қайд этилишича, “Манчестер Юнайтед” 30 ёшли футболчи учун 60 миллион евро тўлайди. Шунингдек, шартномада турли кўринишлардаги 10 миллион евролик бонуслар тўланиши ҳам кўзда тутилган.

Бугун, 19 август куни Каземиро “Юнайтед” билан 4+1 кўринишида шартнома имзолайди. Бразилиялик футболчи “қизил иблислар” сафида ҳафтасига 350 минг фунт маош олади.

Маълумот учун, “Реал Мадрид” Каземирони 2013 йилда Бразилиянинг “Сан Пауло” клубидан 4,5 миллион евро эвазига сотиб олган. У “Реал” билан биргаликда Европа Чемпионлар лигасида 5 марта зафар қучган. Шунингдек, 30 ёшли футболчи “лос бланкос” сафида 3 марта Испания чемпионати ғолиблигини қўлга киритган. “Transfermarkt” портали бразилиялик иқтидор эгасини 40 миллион еврога баҳоламоқда.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 271
Рейтинг: 2.9
t
×