Каземиро ёзда “Манчестер Юнайтед”ни тарк этишини эълон қилди
Спорт
−
23 Январь 736 2 дақиқа
“Манчестер Юнайтед” клуби ярим ҳимоячиси Каземиро жамоа билан тузилган шартномаси 2026 йил ёзида якунлангач, клубни тарк этишини маълум қилди. Бу ҳақда футболчи ўзининг Instagram саҳифасида хабар берди.
Маълумотларга кўра, “Манчестер Юнайтед” Каземиронинг мавсум охирида якунланадиган шартномасини узайтириш имкониятига эга бўлса-да, 33 ёшли бразилиялик ярим ҳимоячининг клубни эркин агент сифатида тарк этишга қарор қилган.
“Манчестер Юнайтед” умримнинг охиригача мен билан қолади. Ушбу гўзал стадионга қадам қўйган биринчи кундан бошлаб мен “Олд Траффорд”нинг иштиёқини ҳис қилдим ва мухлисларимиз билан бирга бу махсус клубга бўлган муҳаббатим янада кучайди. Хайрлашиш вақти келди. Олдимизда яна тўрт ой бор ва шу вақт ичида кўплаб янги хотиралар яратишимиз мумкин. Бизда ҳали курашадиган жуда кўп нарсалар бор. Менинг бутун эътиборим, ҳар доимгидек, клубимиз муваффақияти учун бор кучимни сарфлашга қаратилган бўлади”, деди Каземиро.
“The Athletic” нашри хабар беришича, агар Каземиро жорий мавсумда 35 та ўйинда иштирок этса, унинг шартномасини яна бир йилга узайтириш банди автоматик тарзда фаоллашиши мумкин эди.
Бразилиялик футболчи “қизил иблислар” сафида тўрт мавсум фаолият юритди. У барча мусобақаларда жами 146 та учрашувда майдонга тушиб, 21 та гол урди ҳамда 13 та голли узатмани амалга оширди. Каземиро “Манчестер Юнайтед” билан Англия кубоги ва Лига кубогини қўлга киритди.
Маълумот учун, бразилиялик ярим ҳимоячи профессионал фаолияти давомида “Реал Мадрид”, “Порту” ва “Сан-Паулу” клублари шарафини ҳам ҳимоя қилган.
Live
Барчаси