Катта ёшдагилар чечак касаллигига қарши тўлиқ эмланган – Санэпидқўмита
Жамият
−
22 Август
3197Ўзбекистон аҳолисининг катта ёшли қатлами чечак касаллигига қарши тўлиқ эмлангани айтилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, маймунчечак – вирусли инфекция бўлиб, организмнинг умумий заҳарланиши ҳамда терида ўзига хос тошмалар тошиши билан кечади.
“Маймунчечак касаллиги республикамиз ҳудудига кириб келиши эҳтимоли жуда кам. Негаки маймунчечак касаллиги қайд қилинаётган Европа мамлакатларида беморлар ва мулоқотда бўлганларга нисбатан алоҳидалаш чоралари олиб борилмоқда, эпидемияга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар эса тўлиқ самара бермоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган 1980 йилдан аввал туғилган катта ёшдагилар чечак (халқ тилида чин чечак) касаллигига қарши тўлиқ эмланган. Айнан шу қатламда жамоавий иммунитет мавжуд, боиси чин чечакка қарши эмлашдан кейин ҳосил бўлган иммунитет маймунчечакка қарши ҳам ишлайди ва касалликнинг кенг тарқалиш хавфини пасайтиради.
Касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида қуйидагилар тавсия этилади:
маймунчечак касаллиги бўйича эпидемиологик нохуш давлатларга сафарларни чеклаш;
- иш юзасидан хизмат сафарига борилган тақдирда, ёввойи ҳайвонлар ва кемирувчилар (маймунлар, каламушлар) билан мулоқотда бўлмаслик;
- жамоат жойларига чиқишда шахсий гигиенага қатъий риоя қилиш;
- тана ҳарорати кўтарилган ёки тошмалар тошган йўловчилар билан бирга ҳаракатланишга тўғри келганда имкон қадар санитария-муҳофаза (ижтимоий) масофани сақлаш, тиббий ниқоблардан фойдаланиш, қўлларни зарарсизлантирувчи воситалар билан ишлов бериш;
- жамоат транспортларида тиббий ниқоблардан фойдаланиш, транспортдан тушгандан сўнг қўлларни зарарсизлантирувчи воситалар билан тозалаш;
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг энг йирик вакцина ишлаб чиқарувчиси Serum Institute of India (SII) маймунчечакка қарши вакцина лойиҳасини ишлаб чиқаётгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси