Катта пул эвазига суд ҳукмини ўзгартириб бермоқчи бўлган адвокатлар қамалди
3-саҳифа
−
10 Сентябрь
4674Тошкент шаҳрида катта пул эвазига суд ҳукмига таъсир ўтказиб, жазони енгиллаштириш, яна бир ҳолатда эса айбланувчини оқловчи ҳукм чиқариб беришни ваъда қилган 2 нафар адвокат ва 1 нафар юрист ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик бюроси адвокати М.М. Жиноят Кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва бошқа моддалари билан қўзғатилган жиноят ишида айбланувчи сифатида жалб қилинган шахсга нисбатан суд тизимидаги танишлари орқали оқлов ҳукми чиқариб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Адвокат сўралган пул маблағидан 20 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда адвокатга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Яна бир ҳолатда эса Тошкент шаҳридаги адвокатлик фирмаси адвокати Ш.У. ва қурилиш соҳасида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамият юристи Т.Н. ўзаро келишган ҳолда, 2021 йилда Жиноят Кодексининг 131 ва 135-моддалари билан судланиб, 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда жазо муддатини ўтаётган шахснинг айбловидан 135-моддани олиб ташлаш орқали, унга нисбатан тайинланган жазони суд тизимида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали бошқа енгилроқ жазо турига алмаштириб бериш эвазига 75 минг АҚШ доллари талаб қилади.
Улар жорий йилнинг март ойида сўралган пул маблағини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланади.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Ш.У. ва Т.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган ва Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан Ш.У. ва Т.Н.ларнинг ҳар бирига нисбатан 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда 136 млн сўм жарима жазоси тайинланган.
Аниқланишича, адвокат Ш.У. муқаддам суд тизимида судья лавозимида ишлаган. МЧЖ юристи Т.Н. эса 2009 йилда Жиноят кодексининг 210-моддаси билан, 2016 йилда эса 122-моддаси билан судланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида адвокатлар 50 минг доллар олаётганда қўлга тушган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь