“Катта гапирган” “катта ўзбек” — Спорт таҳлили
Таҳлил
−
05 Ноябрь 2023
7144Ўзбекистон яхшигина қўлланма бўлган Пара Осиё ўйинлари, дунё юлдузлари билан учрашиб, ҳафта давомида трендда бўлган Баҳодир Жалолов, эгасини топган интригасиз соврин яъни “Олтин тўп” маросими, келишилган ўйинларда қатнашган ўзбекистонлик теннисчи ва 10 минг доллар жаримага тортилган “Пахтакор” футбол клуби бугунги дастуримизнинг асосий мавзуси бўлади. Ассалому алайкум. Сезганингиздек, QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
29 октябрь куни Хитой мезбонлигида ўтган IV Пара Осиё ўйинларида муиштирок этган Ўзбекистон делегацияси Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Ханчжоудаги Пара Осиё ўйинларида ўзбекистонлик пара спортчилар медаль жамғариш бўйича делегация тарихидаги энг сермаҳсул натижани қайд этди. Улар жами 79 та – 25 та олтин, 24 та кумуш ва 30 та бронза медалини қўлга киритди ҳамда умумжамоа ҳисобида 8-ўринни эгаллади, бироқ умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллаган жамоа билан 8-поғонадаги Ўзбекистоннинг медаллар жамғариш борасидаги тафовути унча катта эмас эди.
QALAMPIR.UZ’да Ўзбекистоннинг Пара Осиё ўйинларидаги иштироки бўйича таҳлилий мақола эълон қилинди. Мақолада Ўзбекистон 8-ўринни эгаллашига қандай омиллар таъсир қилгани, Ўзбекистон-Марказий Осиёда пара спорт бўйича гегемонлиги, пара спортчилари қанча миқдорда мукофотланиши ва Ўзбекистон 2025 йилда Осиё ва Пара Осиё ўйинлари мезбонлигига тайёргарлиги борасида керакли фикрлар билдирилган.
Аргентиналик тўп устаси Лионель Месси 2022/2023 йилги мавсум якунлари бўйича “France football” нашри томонидан топшириладиган йилнинг энг яхши футболчиси учун соврин – “Олтин тўп”ни қабул қилиб олди.
Франция пойтахти Париждаги “Шатле” театрида бўлиб ўтган маросимда Месси норвегиялик Эрлинг Холанд ва франциялик Киллиан Мбаппени ортда қолдириб, фаолиятидаги 8-“Олтин тўп”га эга чиқди. Мессининг мазкур совринни қўлга киритишида унинг ўтган йили Аргентина билан Қатарда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлгани бош омил бўлди.
Маълумот учун, “Интер Майами” аъзоси фаолиятидаги 1-“Олтин тўп”га 2009 йили “Барселона” сафида эга чиққан. Шунингдек, Лео 2010,2011,2012,2015,2019 ва 2021 йилларда йилнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган.
Жорий йилнинг 28 октябрь куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида британиялик боксчи Тайсон Фюри ва собиқ UFC жангчиси Френсис Нганну ўртасида жанг бўлиб ўтди. Фюри-Нганну жангини томоша қилишга ва жанг олди тадбирларда иштирок этишга ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалолов ҳам таклиф этилди.
Жангдан бир кун олдин бўлиб ўтган дунё спорти юлдузлари иштирокидаги маросимларда ўзбекистонлик боксчи ҳам иштирок этди. Жалолов QALAMPIR.UZ'га Риёдда Криштиану Роналду билан кўришгани ва португалиялик юлдуз билан нима ҳақида суҳбат қурганини маълум қилди.
“Тўғриси, Роналдуни ўзи ёнимга келиб мендан эртага рингда жанг қилиш ёки қилмаслигимни сўради. “Йўқ, тушмайман”, деб жавоб бердим. Очиғи, ҳайрон бўлдим, чунки Роналду мендан бу ҳақда сўрайди деб ўйламагандим”, дейди Жалолов.
Таъкидлаш жоиз, Фюри-Нганну жанги бокс қоидалари асосида ўтказилди. 10 раунд давом этган жанг якунида Буюк Британия вакилининг қўли баланд келди.
31 октябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида Осиё футбол конфедерациясининг (ОФК) “AFC Annual Awards” йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) “Йилнинг энг яхши футбол ассоциацияси” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Осиёнинг турли футбол тадбирларига мезбонлик қилди ҳамда ўзаро лойиҳаларни амалга оширди. Хусусан, тарихда илк бор U-23 ва U-20 Осиё чемпионатлари, шунингдек, ОФКга аъзо ассоциациялар президентлари ва бош котиблари конференцияси Ўзбекистонда ўтказилди. Қитъа миқёсидаги турли саралаш баҳслари, клублар ўртасидаги турнирлар, аёллар футболи, CAFA мусобақаларида ЎФА фаоллик кўрсатди. Ушбу саъй-ҳаракатлар ОФК томонидан муносиб эътироф этилди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур номинацияда Эрон футбол федерацияси ва Япония футбол ассоциацияси номзодлари кўрсатилган эди.
Ўзбекистонлик теннисчи Санжар Файзиев келишилган ўйинларда қатнашгани учун 3,5 йилга теннисдан четлатилди. Бу ҳақда Халқаро теннис Fair Play агентлиги (ITIA) маълум қилди.
Манбага кўра, Файзиев теннис коррупциясига қарши курашиш дастурини бузганлик учун дисквалификация қилинган. Файзиев 5 та айблов бўйича айбдор деб топилди ва 15 минг доллар жаримага ҳам тортилди.
Спортчига белгиланган санкциялар 2023 йил 25 июлда, яъни спортчилар вақтинчалик дисквалификация қилинган санада қўлланила бошланди. Файзиев теннис ўйнаш, мураббийлик қилиш ва ҳар қандай теннис турнирларида иштирок этиш имкониятидан маҳрум этилди.
Шунингдек. ITIA'нинг маълум қилишича исроиллик спортчи Игор Смиланскийни 2 йилга дисквалификация қилинган, 21 та келишилган ўйинда қатнашганликда айбланган қозоғистонлик Тимур Хабибулин эса умрбод теннисдан четлатилганди.
Футбол бўйича Ўзбекистон U-20 терма жамоаси футболчиси Шаҳриёр Жабборов 2023 йилнинг 17 апрелидан бошлаб тақиқланган дориларни истеъмол қилгани учун 4 йилга футболдан дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Осиё футбол конфедерацияси Тартиб-интизом қўмитаси маълум қилди.
Ундан ташқари Тартиб-интизом қўмитаси қарорларига кўра, Ўзбекистон миллий футзалчиси Илҳом Ҳамроев Малайзияга қарши Осиё Кубоги саралаш ўйинида қизил карточка олгани учун минг доллар жаримага тортилди.
Тошкентнинг “Пахтакор” клуби эса Осиё Чемпионлар лигаси доирасида “Ал-Айн”га қарши ўйин вақтида ва ўйиндан кейин майдонга икки мухлис югуриб чиққани учун 10 минг доллар жарима тўлайди.
LiveБарчаси